Спорт | 22:51 / 06.12.2016
15241
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: “Олтин тўп” мукофотини 2016 йилда ким олиши маълум

Мадриднинг “Реал” футбол клубининг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду France Football журнали томонидан топширилувчи 2016 йилги “Олти тўп” мукофотини қўлга киритади. Бу ҳақда Испаниянинг Mundo Deportivo газетаси хабар берган.

Журнал мукофотга номзодлар номини 24 октябрь куни маълум қилган бўлиб, рўйхатга 30 ўйинчи киритилганди. Кейинроқ эса уч ўйинчидан иборат якуний рўйхат ошкор бўлди. Ундан Лионель Месси, Антуан Гризманн ва Криштиану Роналду ўрин олди.  

Мукофот эгасини расман эълон қилиш маросими 12 декабрь куни бўлиб ўтади. Бироқ, газетанинг таъкидлашича, “Реал” ҳам, Роналду ҳам “Олтин тўп” лауреатига айнан португалиялик форвард айланиши ҳақида билдиришнома олишган. Таъкидланишича, журнал вакиллари Мадридга пайшанба куни учиб келиб, футболчи билан махсус интервью ва фотосессия ўтказади.

Маълумот учун, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) жорий йилдан мукофотни топширмайди – ташкилот ва France Football ўзаро ҳамкорлиги якунланди. “Олтин тўп” журнал томонидан 1956 йилдан бери топшириб келинади.

Мавзуга оид