Жаҳон | 00:22 / 07.12.2016
10206
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Порошенкога импичмент эълон қилмоқчи

Фото: ТАСС, архив

Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили унинг "Янги кучлар ҳаракати" партиясининг мақсади Украинада сиёсий синфни тўлиқ ўзгартириш ҳисобланишини айтди.

Шу билан бирга Саакашвили янги партиянинг Олий радага муддатдан аввал сайловларда ғалаба қозониши ва шундан кейин президентга импичмент эълон қилишнинг иложи бўлишига ишонч билдирди. 

"Бизнинг мақсад – Украина сиёсий синфини ўзгартиришдир. Президент Порошенко менга бош вазир бўлишни таклиф қилганда, менда бош вазир бўлишдан кўра юқорироқ амбициялар борлигини айтгандим. Мен сиёсий ўйиннинг қоидаларини буткул ўзгартирмоқчиман. Мен сиёсий синфни тўлиқ ўзгартирмоқчиман ва бу жараённинг бир қисми бўлмоқчиман", деб айтди Саакашвили Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида. 

Саакашвили Олий радага муддатдан аввал сайловлар ўтказилиши зарурлигини айтди. "Агар муддатдан аввал сайловлар ўтказилмаса, агар бу рада яна икки йилдан кўпроқ бўлса, биз бу ерда хаос олишимиз мумкин", деб айтди Саакашвили.

Шу билан бирга Саакашвили муддатдан аввал сайловлар унинг партиясига ғалаба олиб келишига ишонмоқда. "Бизда кўпчилик бўлиши билан, биз исталган қонунни ўтказа оламиз. Биз президент тақиқловини енга оламиз. Ва биз импичмент эълон қила оламиз", деб айтди Саакашвили.   

Саакашвили тезда ўз сўзларини тузатиб қуйидагича фикрни билдирди: "Йўқ, мен импичмент билан қўрқитмаяпман. Мен бу сиёсатни юргазиш ва бу сиёсатни юргазиш учун бирор-бир тўсиқдан халос бўлиш учун восита бўлишини айтмоқдаман".

Саакашвили ўзгаришлар зарурлиги ҳақида гапириб, Украина сиёсий синфи 25 йил мавжудлигидан бери мамлакат аҳолига ялпи ички маҳсулот бўйича Европадаги энг ночор давлатлардан бирига айланганини айтди. 

 

Мавзуга оид