12:35 / 12.12.2016
9866

Абэ Россия билан ҳудудий тортишувларга барҳам беришга тайёрлигини билдирди

Япония ҳукумати раҳбари Синдзо Абэ расмий Москва билан ҳудудий тортишувларга чек қўйишга тайёрлигини билдирди. У жанубий Курил ороллларининг собиқ фуқаролари билан учрашувида шу ҳақда сўз юритган. Мулоқот Россия президенти Владимир Путиннинг Японияга ташрифи арафасида бўлиб ўтган. 

"Мен ҳудудий муаммога барҳам бериш мақсадида Россия билан олий даражадаги учрашув ўтказаман", — дея бош вазир сўзларидан иқтибос келтиради Киодо агентлиги.

Владимир Путин 15-16 декабрь кунлари Японияга ташриф буюради. У сафари чоғида Синдзо Абэ аждодларининг ватани бўлмиш Ямагути префектураси ҳамда Токиога ташриф буюради. 

Япония Курил ороллари таркибига кирувчи Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи оролларига даъвогарлик қилади. Расмий Токио, бунда 1855 йилда имзоланган Савдо ва чегаралар тўғрисидаги битимга асосланади. Токио оролларни қайтариб олишни Россия билан тинчлик сулҳи имзолаш шарти сифатида илгари суриб келади. 

Москванинг бу муаммога қараши Японияникидан фарқланади. Унга кўра, жанубий Курил ороллари Иккинчи жаҳон уруши натижасида СССР таркибига кирган, шунга биноан, мазкур ороллар устидан Россия ҳудудий эгалиги халқаро ҳуқуқ томонидан эътироф этилган. 

 

Top