Жаҳон | 13:16 / 12.12.2016
8558
2 дақиқада ўқилади

Хитой газетаси: Пекин Трамп сабаб АҚШ ғанимларига ҳарбий кўмак бериши мумкин

Фото: Reuters

Хитой АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватлагани ва “ягона Хитой” сиёсатидан воз кечганига жавобан “АҚШ ғанимларига” ёрдам, жумладан ҳарбий кўмак бериши мумкин, деб ёзади Global Times.

Аввалроқ, Трамп Пекинга Тайвань билан муносабатларда ўз таъсирини кўрсатишига имкон бермаслигини маълум қилганди. Бундан ташқари, сайланган президент АҚШ нега “ягона Хитой” сиёсатига амал қилиши кераклигини тушунмаслигини ҳам айтиб ўтган.

“Агарда Трамп “ягона Хитой” сиёсатидан воз кечиб, Тайвань мустақиллигини ошкора қўллаб-қувватлаб, унга қурол-яроғ сотишда давом этса, Хитой Вашингтон билан халқаро масалаларда ҳамкорликдан воз кечади ҳамда мамлакатга қарши кучларни ушлаб турмайди. Пекин Трампнинг хатти-ҳаракатига жавобан АҚШ ғанимларига ҳарбий кўмак ҳам бериши мумкин”, - деб ёзади газета.

Нашр фикрича, Трампнинг янги ғоялари савдо соҳасидаги бўш позиция ва дипломатиядаги “соддалик”дан дарак беради. 

Газета “ягона Хитой” принципи Тайванда тинчлик ва ривожланишга сабаб бўлаётганини эслатган. Ундан воз кечиш эса Тайвань кўрфазининг икки қирғоғи орасида “пўртаналар” пайдо бўлишига туртки беради.

Мавзуга оид