19:26 / 13.12.2016
3877

Италиянинг янги бош вазири янги ҳукуматнинг устувор вазифасини маълум қилди

Фото: © RIA

Италиянинг янги бош вазири Паоло Жентилони Италияда жорий йил август ва октябрь ойларида юз берган вайронакор зилзилалардан жабр чеккан ҳудудларни тиклашни Италия янги ҳукуматининг устувор вазифаси деб атади.

"Мен ҳукуматнинг устувор вазифаларини кўрсатишим керак. Биринчи устувор вазифа, шубҳасиз, зилзиладан азият чеккан ҳудудларни тиклаш ҳисобланади", деб айтган Жентилони миллий парламент депутатлар палатасидаги нутқида. 

Унинг таъкидлашича, мамлакат жануби ва иқтисодий ўсиш учун кўпроқ иш қилиш зарур.

Италия бош вазири халқаро сиёсат мавзусига тўхталиб, ҳамиша "бош ҳамкорлар" бўлиб келган Рим ва АҚШнинг ҳамкорлик қилиш истагини тасдиқлади.

Жентилони унинг ҳукумати қанча вақт ишлай олиши ҳақида гапириб, у мамлакат парламенти томонидан қўллаб-қувватлангунгача ишлашини таъкидлаб ўтди.  

Жентилони янги ҳукуматни 12 декабрда шакллантирди. Шу куни бош вазир ва 18 вазир Квириналь саройида мамлакат президенти Сержо Маттарелла ёнида Италияга содиқликка қасамёд келтиришган.

Италия қонунчилигига кўра, янги ҳукуматга миллий парламентнинг иккала палатасида ҳам ишонч билдирилиши керак. Ишонч билдириш бўйича дастлабки овоз бериш 13 декабрь кечки вақт депутатлар палатасида бўлиб ўтади. 

 

Top