Жамият | 23:37 / 14.12.2016
10379
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг энг йирик бозорида ит гўшти сотиш тақиқлаб қўйилди

Фото: Getty Images

Жанубий Кореянинг Соннам шаҳри раҳбарияти мамлакатнинг энг йирик бозори Moran’да итларни ўлдириб, уларнинг гўштини сотишни тақиқлаб қўйди, деб хабар бермоқда The Korea Herald нашри.

Шаҳар раҳбарияти ва бозорнинг савдогарлари уюшмаси ўртасидаги келишувга кўра, кейинги ҳафтадан бозордаги итлар сўйиладиган кушхоналар ва улар сақланадиган қафаслар олиб ташлана бошланади ва бу жараён март ойи бошидагина тўлиқ якунланади. Бозорда ҳаммаси бўлиб 22 та нуқтада ит гўшти сотилади. Шаҳар раҳбарияти ўз бизнесини ўзгартиришга мажбур бўладиган ит гўшти сотувчиларига молиявий кўмак кўрсатадиган бўлди.

Ушбу келишув очиқ осмон тагидаги анъанавий бозорларни қайта жиҳозлаш лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади. "Биз ишни бозордаги кушхона ва қафасларни олиб ташлашдан бошлаймиз ва охир-оқибат бутун бозорда ит гўшти сотилишини тўхтатамиз", деб маълум қилди шаҳар раҳбарияти вакили.

Moran бозори 1960-йилларда очилган. Бу бозорда тирик жонзотлардан тортиб қадимий буюмларгача бўлган маҳсулотлар сотилади. Бозорда ҳар йили 80 мингга яқин ўлик ва тирик итлар сотилади. Бозорнинг улушига мамлакатда истеъмол қилинадиган бутун гўшт миқдорининг учдан бири тўғри келади. Бундан ташқари, бозордаги итлар тор қафасларда сақланади ҳамда харидор бирор итни танлаганда, ит унинг кўз ўнгида сўйиб берилади.

 

Мавзуга оид