Жаҳон | 20:09 / 18.12.2016
7950
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти АҚШ томондан санкцияларнинг узайтирилишини танқид қилди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний МАГАТЭ бош директори Юкия Амано билан учрашувда АҚШ томонидан Эронга нисбатан санкцияларнинг узайтирилиши ядровий келишувни бузишини айтди.

Аввалроқ Амано Эроннинг атом энергетикаси ташкилоти раҳбари Али Акбар Салоҳий билан учрашувда "ядровий келишув бажарилиши жараёни"дан қониққанини айтганди.

Mehr ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Руҳоний АҚШ томонидан Эронга нисбатан санкцияларнинг 10 йилга узайтирилиши ҳар томонлама ҳаракатлар қўшма режасининг яққол бузилиши эканлигини айтган. Унинг айтишича, АҚШ Эронга нисбатан "АҚШ ҳукуматига халқаро ишончнинг анча камайишига олиб келадиган" йўлни танлаган. 

Эрон президенти унинг мамлакати МАГАТЭ билан техник масалаларни ривожлантириш йўлидан боришини айтди. Унинг таъкидлашича, "ядровий келишув, бир томондан, минтақада барқарорлик ва келгуси ҳамкорликни ўрнатишга ёрдам берганди, бошқа томондан эса Эрон миллатига нисбатан киритилган адолатсиз ва ноқонуний санкцияларга чек қўйганди".

Руҳоний Эроннинг ядровий келишувга содиқлигини яна бир тасдиқлаган ва Эрон келишув шартларини бузадиган биринчи давлат бўлмаслигини айтган.

Декабрь бошида АҚШ конгресси 1979 йилдаги инқилобдан кейин Эронга киритилган санкцияларнинг амал қилишини яна 10 йилга узайтирди. Бироқ бу қонун Эрон билан "ядровий дастур" бўйича келишув бандлари ва у билан боғлиқ равишда бекор қилинган АҚШ санкцияларига тааллуқли эмас.

 

Мавзуга оид