Фан-техника | 19:17 / 21.12.2016
9525
2 дақиқада ўқилади

Хакерлар самолёт кўнгилочар тизими орқали ҳаво лайнери назоратини қўлга олишлари мумкин

IOActive мутахассислари жаҳоннинг 13та йирик авиакомпанияларининг самолётларидаги кўнгилочар тизимлари хавфсизлигида нуқсонлар борлигини аниқлашди. Emirates, Virgin Atlantic ва Qatar Airways каби авиакомпаниялар ҳаво лайнерларига ўрнатилган Panasonic Avionics тизимидаги носозлик ғаразгўйларга нафақат ёпиқ маълумотларни олиш, балки парвоз вақтида самолёт назоратини тизгинига олиш имконини беради. 

Япониянинг Panasonic Avionics томонидан ишлаб чиқилган платформа йўловчилар ўриндиғининг ортидаги кўнгилочар тизимларда қўлланилади. Хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Рубен Сантамартанинг айтишича, у Варшавадан Дубайга парвози чоғида кўнгилочар қурилма экранидан бевосита носозликларни тузатиш кодини олишга муваффақ бўлиб, авиакомпаниянинг доимий мижозлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритган, бундан ташқари, хабарлар ва огоҳлантиришларни ўқий олган. Албатта, унинг режасида самолёт бошқарувини қўлга олиш бўлмаган, аммо, буни ҳоҳлаганида бемалол бу ишни ҳам бажариши мумкин эди. Шу боисдан, IOActive ходимлари Panasonic тизимларининг нуқсонлари ҳақида маълум қилишга қарор қилган, бироқ, компания бунга қарши чоралар қўллагани ҳозирча, номаълум. 

Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг алоҳида уқдиришларича, борт ва кўнгилочар тизимлар дастурларини ишлаб чиқарувчилар ўта эътиборли бўлишлари ва дастурий таъминотларни доимий равишда янгилаб туришлари лозим. Чунки, етарли малакага эга ҳар қандай хакер самолёт бортидан киберҳужумни амалга ошира олади. Шунга кўра, ҳаво кемаси бортидаги кўнгилочар тизимни алоҳида қилиш ҳақида ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

 

Мавзуга оид