Жаҳон | 22:27 / 22.12.2016
14576
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ бош вазири унга беланди

Фото: Twitter .com/@libe

22 декабрда номаълум кимса Францияда бўладиган президентлик сайловларида Социалистик партиядан номзодини қўйиш ҳуқуқи учун курашаётган, Франциянинг собиқ бош вазири Мануэл Вальснинг устидан ун сочиб юборди. Бу ҳақда BFMTV телеканали маълум қилди.  

Воқеа Страсбургда юз берган. Вальс бу ерга сайловолди кампанияси доирасида келганди. Собиқ бош вазирнинг тарафдорлари билан учрашуви бошланиши керак бўлган ресторанга кираверишда бир пиёда у томон отилиб, уни ва атрофидагиларни унга белаган. 

"49.3! Эсдан чиқармаймиз, кечирмаймиз", деб айтган ҳужум қилган кимса. Вальс қўриқчилари уни ушлаб, яқин орада турган полиция микроавтобусига олиб боришган.

Франция конституциясининг 49.3-моддаси бош вазирга бирор ҳужжатнинг қабул қилинишига ишончи комил бўлса-ю, бироқ парламентнинг кўпчилик аъзолари уни қўллаб-қувватлашига гумон билдирса, бу ҳужжатни парламент билан келишмасдан ўтказа олишига имкон беради. Бу модда қўллангандан кейин депутатлар бир кун ичида ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласини кўтариш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу модданинг қўлланиши номашҳур чора ҳисобланади, бироқ Вальс ҳукумати ундан бир неча марта, жумладан 2016 йил бошида меҳнат қонунчилигидаги ислоҳотларни қабул қилишда фойдаланган.

Мавзуга оид