Жаҳон | 15:29 / 28.12.2016
4716
2 дақиқада ўқилади

Лондон ва Париж Сурияга вертолёт етказилишини тақиқловчи резолюция тайёрлади

Фото: AP

Буюк Британия ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга қарши санкция киритишни кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини тайёрлади. Бу лойиҳа Сурия ҳукумати, армияси ва давлат тузилмаларига исталган вертолётни етказишни тақиқлашни ўз ичига олади. Бундай чоранинг қабул қилинишига асос сифатида БМТ ва Кимёвий қуролни тақиқловчи ташкилот тергов комиссиясининг хулосалари айтилмоқда. Бу комиссия учта кимёвий ҳужум бўйича жавобгарликни Дамашқ зиммасига юклаган. Бу ҳужумлар давомида, тахмин қилинишича, хлорли контейнерлар ҳарбий вертолётлардан ташланган.

Резолюция қабул қилинса, Сурия ҳукуматига "исталган вертолёт ёки у билан боғлиқ материаллар, жумладан эҳтиёт қисмларни" етказиб бериш, сотиш ёки узатишга тақиқлов кучга киради. 

Ҳужжатда, шунингдек, гўёки кимёвий ҳужумларга алоқаси бўлган 11 нафар жисмоний шахс ва 10 та тузилмага манзилли санкциялар кўзда тутилган. Уларга қарши кўриладиган чоралар орасида активларни музлатиш ва мамлакатдан чиқишни тақиқлаш бор.

Резолюция лойиҳаси санкциялар тартиби бажарилишини кузатадиган, 6 нафар мутахассисдан иборат махсус қўмита яратишни кўзда тутади. Шунингдек, Сурия ҳукуматига мамлакатда мавжуд бўлган барча заҳарловчи моддалар ҳақидаги маълумотни тақдим қилиш учун 30 кунлик муддат берилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид