Жамият | 19:51 / 29.12.2016
61397
5 дақиқада ўқилади

Шекспир кўчасидаги лўлилар фожиаси ёхуд 12 ёшли она ҳикояси

Фото: L!FE

Екатеринбургда ижтимоий васийлик органи 12 ёшли ҳомиладор қизни лўлилар қишлоғидан олиб кетди. Унинг эри ва катта ёшли қариндошлари қизни уйга қайтришмоқчи. LIFE нашри шу ҳақида маълумот берди

Қизнинг 16 ёшли турмуш ўртоғи Петро уни қайтаришларини талаб қилмоқда. Петро усиз яшолмаслиги ва ўзини қўйишга жой топа олмаётганини таъкидламоқда. "Нима учун мени ундан айиришди?" дейди у тушуна олмай. 

Петро Екатеринбургда туғилган. У шу ерда, Шекспир кўчасида яшовчи лўли. Икки йил аввал, яъни 14 ёшида у 10 ёшли омсклик қиз билан танишиб қолган. Қизча холасиникига меҳмонга келган бўлган. 

"Уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолдим. Биз икки ҳафта бирга сайр қилдик, мен уни ширинликлар ва гуллар билан сийладим, у истаган нарсаларини сотиб олдим, кинога бордик. Шундан сўнг ота-онамга уйланмоқчи эканлигим ҳақида айтдим. Улар қизнинг яқинлари билан шу мавзуда гаплашишга кетишди", - дейди Петро. 

Манбага кўра, ота қизи Лаурани ёлғиз тарбия қилган, шу сабабми қизни бажонидил уларга топширган. Катта тўй бўлиб ўтган. 

Улар Петронинг ота-онаси билан бирга яшашган. Тўйдан бир ярим йил ўтгач, фарзандли бўлишга қарор қилишган. Декабрь ойида 12 ёшли Лаура ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва оғриқдан ҳушидан кетган. Тез ёрдам машинаси чақирилган. Шифокорлар қизнинг 18 ҳафталик ҳомиласи борлигини маълум қилишган. Шундан кейин қизни вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришган, ҳужжатлар эса Тергов қўмитасига топширилган. 

Петронинг сўзларига кўра, қиз ҳар куни унга қўнғироқ қилиб йиғлайди. 

Лаура жойлаштирилган марказда ташқаридан келган кишиларнинг у билан мулоқот қилишига йўл қўйилмади, зеро бунинг учун васийнинг рухсати керак, у эса йўқ. Шундай бўлса-да, тергов қўмитасидаги манбага кўра, қиз хотиржам, бошқа болалар билан осон тил топишган. Унинг қариндошлари марказга киритилмади, чунки уларнинг қизга қариндошликларини исботловчи бирор бир ҳужжат йўқ. Умуман олганда, қизнинг ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Марказ ходимининг сўзларига кўра, Лауранинг аҳволи яхши. Ходимларининг деярли барчаси бу вазиятдан ҳайратда - бу улар дуч келган биринчи шундай ҳолатдир. 

Қизнинг ўзи ҳаммаси икки томоннинг розилиги билан бўлганлигини таъкидламоқда. У Петро ва опаси ҳақида кўп гапиради, уйига кетишни хоҳлайди. Лаура туғруқ жараёнидан қўрқаётган бўлса-да, ўзи ҳақида бўлғуси она сифатида сўзламоқда. 

Бу ҳафтада Петронинг ота-онаси ўсмирни мамлакатдан олиб кетган. Лўлилар қишлоғида эса бу мавзу катта муҳокамага сабаб бўлмоқда. 

"Бу қандай жазо бўлди?, - дея қичқиради аёллардан бири. - Бизнинг одатларимиз шундай! Лўлилар ўз боласини ташлаб кетганини ҳеч эшитганмисиз? Ҳеч қачон бундай бўлмаган! Эгри йўлга кириб кетмаслигимиз учун ҳаммамизни эрта турмушга беришган. Нима, энди ҳамма лўлиларнинг боласини марказга олиб кетишадими?"

"Улар бир-бирларини севишарди. Энди эса уларнинг ҳаётини барбод қилишди!", - дейди Петронинг отаси Дамир. 

ИИВ бош бошқармасининг Свердловск вилояти бўйича матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелихнинг сўзларига кўра, қизнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ ва унинг ҳомиладорлиги оғир кечмоқда - айнан шу сабабли улар Лаурани махсус марказга жойлаштиришган. Полиция тўпланган маълумотларни мазкур иш юзасидан процессуал қарор қабул қилиш учун Республика Тергов қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига йўллаган. 

Россия тергов қўмитасининг Свердловск вилояти бўйича тергов бошқармаси раҳбари Шульга Александр Владимировичнинг маълум қилишича, ҳозирда РФ Жиноят Кодексининг 131-моддасига мувофиқ қўзғатилган мазкур  иш юзасидан текширувлар йўлга қўйилган. Комплекс тергов ҳаракатлари доирасида воқеага ойдинлик киритилмоқда. Шунингдек вояга етмаганларга нисбатан қонунбузарлик ҳолатларининг сабабларини ўрганиш бўйича профилактика чоралари қўлланиши таъкидланди. 

Мавзуга оид