Россиянинг Афғонистон бўйича тинчлик режаси йўқ
Россия Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайлангандан кейин АҚШнинг Афғонистонга нисбатан муносабати ўзгаради, деб айтди Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия ташқи ишлар вазирлиги Осиё иккинчи департаменти директори Замир Кабулов.
Кабулов бу ҳақда Туркиянинг "Анадолу" ахборот агентлиги муҳаррири Мехмет Ўзтуркга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Кабуловнинг айтишича, Вашингтон Афғонистондаги жараёнлар, жумладан Россия, Хитой, Эрон ва Покистон муҳим деб ҳисоблайдиган йўналишлар бўйича ўз қарашини ўзгартириши лозим.
"АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши бошлангандаёқ россиялик ҳарбий мутахассислар вазиятни таҳлил қилишган. Мавжуд инфратузилма ҳисобга олинса, АҚШ 2-4 ҳафтада Афғонистондаги базаларида 100 минг ҳарбийни жойлаштира олади", деб айтди Кабулов.
Унинг айтишича, АҚШ ва Собиқ иттифоқ ўртасидаги "совуқ уруш" якунлангани давридан 20 йил ўтди.
"Биз "совуқ тинчлик"дан кўра "совуқ уруш" технологияларини яхшироқ биламиз. Россия ҳеч қандай муаммосиз исталган хавфларга қарши тура олади. Биз исталган шаклдаги қарама-қаршиликка, жумладан "совуқ уруш"га қаршимиз", деб таъкидлаб ўтди Кабулов.
Кабулов Афғонистонга Собиқ иттифоқ қўшинларининг киритилишини хато бўлган деб айтди. "Тан оламан, бу хато қарор бўлган, бунинг устига икки карра хато бўлган. Биринчидан, биз бундай қадамни амалга оширмаслигимиз керак эди. Иккинчидан, қўшинларни Афғонистонга киритгандан кейин уларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш керак эди", деб ҳисобламоқда Кабулов.
Унинг айтишича, совет қўшинларининг Афғонистонда бўлиши Собиқ иттифоқ ривожланиши йўлидаги тўсиқ сифатида қабул қилинган.
Кабулов афғон мужоҳидларини барча, жумладан АҚШ ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаганини ва бу уларнинг позицияларини кучайтирганини эслаб ўтди.
Унинг айтишича, совет ташвиқоти Собиқ иттифоқ гўёки Афғонистонда исломни йўқ қилмоқчи бўлган, деб таъкидлаган. Кабуловнинг таъкидлашича, шунинг учун Саудия Арабистони аҳолисининг бир қисми Афғонистонда жиҳодда иштирок этиш учун сафарга отланган.
Махсус вакил шунингдек "Толибон" ҳаракати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Афғонистондаги вазиятни тинчлик билан ҳал қилишдаги томонлар мамлакат ҳукумати ва "Толибон" бўлиши керак.
Кабуловнинг айтишича, Москвада Афғонистондаги вазиятни тинчлик билан ҳал қилиш бўйича режа йўқ.
Кабулов "Ал-Қоида" террорчилари солаётган хавфга ҳам эътибор қаратди.
"Ал-Қоида" хавфи тўлиқ йўқ бўлмади, у фақатгина камайди. Мисол учун, уларнинг рақиби ИШИД пухтароқ ҳаракат қилади, чунки "Ал-Қоида" хатоларидан хулоса чиқарган", деб айтди Кабулов.
"Афғонистонда тинчлик бўлиши учун жаҳон ҳамжамияти бу мамлакатнинг иқтисодиёти, бошқарув структураси ва қуролли кучлари тикланиши ва мустаҳкамланиши учун кўмак бериши керак. Буларсиз Афғонистон келажаги ҳақида гапириш мумкин эмас. Акс ҳолда Афғонистон мавжуд бўлишдан тўхтайди. Бу сценарийнинг амалга ошиши эса Россия манфаатлари учун ҳам, бутун минтақадаги барқарорлик учун ҳам барбод қилувчи ва хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин", деб ўз фикрларини якунлади Кабулов.
У, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига умид билдирди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024