Жаҳон | 12:51 / 03.01.2017
5973
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги сайловларда диний шиорлардан фойдаланиш тақиқланди

Фото: AP

Ҳиндистон олий суди душанба куни сиёсатчилар ўз сайлов олди кампаниялари давомида динга оид масалалардан фойдаланишлари тақиқланиши тўғрисида қарор чиқарди. NDTV телеканалида хабар берилишича, бундай қарор мамлакатнинг бир қатор штатлари қонуний мажлисларининг сайловлари арафасида чиқарилди, чунки одатда уларда номзодлар диний шиорларни фаол қўллашади. 

"Сиёсатчиларнинг ҳеч бири тоифа, эътиқод ёки диндан фойдаланиб, овоз тўплашга эриша олмайди, - деди Олий суд раиси Тиратх Сингх Тхакур. - Сайлов жараёни -  бу дунёвий жараён. Давлат ва динни аралаштириш конституцияга зиддир".

"Инсон ва Худо ўртасидаги муносабатлар - бу ҳар кимнинг шахсий танлови", - деди Олий суд раиси.

Ҳиндистоннинг аксарият аҳолиси, тахминан 80 фоизи индуизмга эътиқод қилади. Индуизм диний аъаналарнинг мураккаб уйғунлашувини ўзида акс эттирган бўлиб, унга кўра, жамият тоифаларга бўлинади. Бундан ташқари, мамлакатда мусулмонлар, насронийлар, сикхлар, жайнлар, буддистлар ва бошқа дин вакиллари истиқомат қилади. 

Ҳиндистон  конституциясига кўра, миллати, дини ёки тоифасидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли ҳисобланади.

Мавзуга оид