Жамият | 00:29 / 04.01.2017
10170
2 дақиқада ўқилади

Хитойда маҳбус аёлга белгиланган ўлим жазоси бекор қилинди

Фото: DELFI (Š.Mažeikos nuotr.)

Хитойнинг Ички Мўғулистон мухтор тумани суди 1,23 млрд юан (177 млн доллар) миқдорида фирибгарликни амалга оширган аёлга белгиланган ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштиришга қарор қилди.

Су фамилияли аёл 2013 йилда фирибгарлик учун ўлим жазосига маҳкум қилинганди. 2015 йилда Хитой Олий суди аёл полицияга ўз истаги билан таслим бўлганини инобатга олиб унинг ишини қайта кўриб чиқишга жўнатган. Такрорий суд жараёни 2016 йилда бошланган.

Ҳукмнинг юмшатилиши ҳақидаги якуний қарор 3 январда чиқарилди. Қарорга кўра, Су умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилди, унинг шахсий мулки мусодара қилинди.

Аёл фирибгарликларини 2006 йилда инвесторларни турли лойиҳаларга жалб қилиб ва уларга катта даромадлар таклиф қилиб бошлаган. Аёл ресторанлар, спорт клублари, кўмир конлари ва фермаларга инвестициялар учун жалб қила олган маблағлардан 522 млн юанни ўзлаштириб олган. Аёл инвесторлардан олган пулининг бир қисмини ўзига кўчмас мулк, автомобиллар, лотерея чипталари ва заргарлик буюмлари сотиб олишга сарфлаган.

 

Мавзуга оид