CES 2017: Бир-бири билан "мулоқот қилувчи" автомобиллардан то 9 минг долларлик ноутбуккача
Куни кеча Лас-Вегасда CES 2017 халқаро электроника кўргазмаси бўлиб ўтди. Hi-Tech нашри ушбу кўргазмага ташриф буюриб, энг янги технологиялар ва гаджетлар ҳақида маълумотлар билан бўлишди.
Sony'нинг OLED-телевизорлари
CES 2017 кўргазмасида Sony компанияси A1 сериядаги BRAVIA OLED янги флагман линейкаси телевизорларини намойиш этди. Қурилмалар уч хил диагоналда тақдим этилди: 55, 65 ва 77 дюйм, уларнинг барчаси - 4K телевизорлар. Дисплейлар OLED технологияси бўйича ишлаб чиқарилади. Ҳар бир пиксель - бир-биридан мустақил равишда ёнувчи алоҳида органик диод. Телевизор табиий қора рангни етказиб бера олади, янги X1 Extreme процессори эса махсус алгоритмлар ёрдамида реал вақт режимида тасвирнинг сифатини оширади.
Телевизорларнинг товуши алоҳида таҳсинга сазовор. Sony ўзининг янги телевизорларида Acoustic Surface технологиясини намойиш қилди: корпуснинг ўзида алоҳида колонкалар йўқ, товуш OLED дисплейнинг ўзидан чиқади. У улкан мембрана ролида намоён бўлади ва вибрация ҳисобига товушни бир неча баробар кучайтиради.
Intel GO ва BMW i8
BMW компанияси Intel GO платформаси базасидаги BMW i8 Roadster электромобил концептини намойиш қилди. Бу технология автомобилга автоматик маневр тизимини интеграциялашга имкон беради. Intel GO'ли электрокар йўлдаги тўсиқларни олдиндан аниқлаб, улар билан тўқнашишнинг олдини олади. Тизим 5-авлод уяли алоқа тармоқларида (5G) ишлашга тайёр.
BMW 2017 йилнинг иккинчи ярмида 40та ўз-ўзини бошқарувчи автомобилларни йўлларда синаб кўради.
Faraday Future
Faraday Future стартапи биринчи марта келажак автомобили прототипини намойиш қилди - Faraday Future FF 91. Уни Tesla'нинг асосий рақиби, деб ҳисоблашмоқда. Автомобиль 1050 от кучига эга 4 электродвигателда ишлайди. Ишлаб чиқарувчи рақиблар орасида энг узоқ батареялар (сиғими - 130 кВтч) фаолиятини ваъда қилмоқда - 600 километр. Электрокар атиги 45 дақиқада заряд олади.
FF 91 автоматик жойлашув функциясини LeEco бош директори ва Faraday Future компанияси инвестори Цзя Юэтин намойиш қилди. Бироқ автомобиль бино ичида сигнал олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли ўрнидан қўзғалмади. Иккинчи уринишда ҳаммаси ўйлагандек амалга ошди.
Toyota Concept-i
Toyota компанияси CES 2017 кўргазмасида автомобиллар келажагини қандай кўришини Concept-i - Yui сунъий интеллектига эга автомобили орқали намойиш қилди. Бу автомобилнинг инсонга хос хусусиятларга эга бўлишини кўрсатади.
Борт компьютери машина эгаси - унинг ташқи кўриниши, ҳис-туйғулари, кайфияти ва бошқарув услубини ўрганади. Ана шу маълумотлар асосида сунъий интеллектнинг ҳайдовчи ва йўловчилар билан муносабатлар модели қурилади. Авто одамлар билан сўзлашиш, саломлашиш, маслаҳат ва тавсиялар беришни ўрганади. Бундан ташқари, Yui интеллектли машиналар бир-бирлари билан ҳам "мулоқот қила олишади".
Nissan SAM
Nissan компанияси автоном автомобиллар ривожига бошқа томондан ёндашди. У Seamless Autonomous Mobility платформасини намойиш қилди. Платформа борт компьютерига бошқарувни қачон инсон қўлига топшириш кераклигини аниқлашда ёрдам беради.
Автомобиль махсус сенсорлар ва датчиклар ёрдамида ЙТҲ, бузилган светофорлар ёки бошқа тўсқинликлардан огоҳлантиради. Шунда кейинги бошқарув мутахассис қўлига ўтади. У вазиятни инобатга олиб, йўналишни масофадан туриб бошқаради. Йўлдаги ҳодисаларга оид хабарлар SAM технологияси орқали бошқа автомобилларга етказилади ва улар автоматик равишда ўз йўналишларини ўзгартиришади.
Nvidia AI
NVIDIA компанияси Audi билан бирга Q7 кроссоверига интеграциялаштирилган автоном бошқарув технологиясини намойиш қилди. Автоном машина платформаси дастлаб ҳайдовчининг йўлдаги хатти-ҳаракатларини ўрганади. Кейин эса компьютер инсоннинг бошқарув услубини "эслаб қолади". Хабарни қайта ишлаш ва қарор қабул қилишга Nvidia махсус график процессори масъулдир.
Qualcomm 835
Qualcomm компанияси CES кўргазмасида Snapdragon 835 чипидаги тизим - Samsung'нинг FinFET 10 нм технологиясини қўлловчи биринчи мобил платформани намойиш этди. Чип Snapdragon 820/821'га қараганда 35 фоизга ихчамроқ ва энергия жиҳатдан 25 фоизга смаралироқ. У виртуал ва тўлдирилган реаллик, IP-камера, планшетлар, мобил ПК ва бошқа истеъмолчи девайслар дисплейлари учун ҳам ишланган.
Snapdragon 835 процессорининг асосий компонентлари - X16 гигабитли LTE модем, Adreno 540 график процессори ва Qualcomm Spectra 180 тасвир датчиклари. Смартфонлар тез зарядланувчи Quick Charge 4.0 билан қўллаб-қувватланади.
ASUS Zenfone AR
ASUS'нинг янги смартфонида бирйўла уч камера ўрнатилган. У биринчи марта 8 Гб оператив хотира билан таъминланди! Zenfone AR қурилмаси махсус камера ва сенсорларга эга бўлиб, у виртуал объектларни Tango технологияси орқали "тирик" тасвирга айлантиради. Бундан ташқари, смартфон Daydream виртуал реаллик технологиясини қўллаб-қувватлайди ва Daydream View дубулғасига мослаша олади.
Samsung'нинг QLED-телевизорлари
Q7, Q8 ва Q9 янги телевизорлар қатори такомиллаштирилган QLED технологияси имкониятларини намойиш қилади. Дисплей бир неча миллион алоҳида материаллар - metal Quantum Dot квант нуқталаридан иборат. QLED технологияси кўп жиҳатдан OLED'га ўхшаш. Бироқ OLED органик ёруғлик диодларини қўллайди, Samsung панеллари эса металл асосидаги квант нуқталардан иборат.
Samsung панеллари ишлаб чиқаришда арзонроқ, энергетик жиҳатдан самаралироқ бўлиб, OLED-телевизорларга таққослаганда, улардан-да сифатли тасвирни акс эттиради. Шунингдек Samsung ўз телевизорлари ёрқинлигини ҳам кескин оширишнинг уддасидан чиқди.
9 минг долларлик ноутбук
Acer компанияси CES кўргазмасига ўзининг биринчи 21 дюймли мослашувчан ноутбуки — Predator 21X'ни олиб келди. Компьютер еттинчи авлод Core i7 топ процессори ва SLI'га уланган иккита GeForce GTX 1080 видеокартасида ишлайди. Унга 64 Гб'гача оператив хотира ўрнатиш мумкин. Ушбу ажойиб қурилманинг оғирлиги - 8 килограмм!
Бироқ энг қизиғи - нархи. Acer'нинг маълум қилишича, Predator 21X ноутбуки баҳоси - 9000 доллар.
Мавзуга оид
22:00 / 04.04.2018
Янги iPhone масофадан бошқарилувчи тизим ва мослашувчан дисплейга эга бўлиши кутилмоқда
13:41 / 19.01.2017
HUAWEI Mate 9 “CES 2017” халқаро истеъмол электроникаси кўргазмасида 8 та мукофотга сазовор бўлди.
12:29 / 18.01.2017
CES 2017 кўргазмасида Dolby Vision технологиясини қўллаб-қувватловчи Bluray-плеер тақдим этилди
23:10 / 13.01.2017