Жамият | 18:34 / 13.01.2017
15449
3 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитасида бир гуруҳ соҳа ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Давлат божхона қўмитаси

Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда қўмита Марказий аппарати ходимлари, божхона фахрийлари Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институтидан вакиллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Тоҳирий сўзга чиқиб, Ўзбекистон бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга ва яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга эканлигини таъкидлади.

Тадбирда ўзининг вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, виждонан хизмат қилишга, божхона идоралари шаънини оширишга ҳаракат қилаётган ходимлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот техникалари ва назорат воситалари билан жиҳозлаш, хизмат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сидқидилдан ва виждонан хизмат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юрт осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган юртдошларимизнинг тақдирланиши эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан бир гуруҳ ходимлар шарафланди ва улар орасида 4 нафар божхоначилар ҳам бор.

Тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 200 нафардан ортиқ ходимлар эса “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари 25 йиллиги” эсдлик нишонлари билан мукофотланди. 

Тадбир давомида давлатимизнинг юксак мукофотлари ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, хизмат фаолиятида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам байрам муносабати билан тақдирланди.

Мавзуга оид