Жамият | 19:45 / 14.01.2017
9557
2 дақиқада ўқилади

Дубай ноёб гиламлар кўргазмасида 545 млн долларга тенг маҳсулотлар намойиш қилинмоқда

Фото: Russianemirates.com

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ноёб гиламлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. У Dubai Shopping Festival (DSF) доирасида ташкил этилган. Кўргазмага келтирилган форс гиламидан бири 5 млн дирҳам (1,4 млн доллар)га баҳоланган бўлиб, унга 4,2 кг олтин ишлатилган. 

Дубай божхонаси директори Аҳмад Маҳбуб Мусабиҳнинг сўзларига кўра, умуман, кўргазмага 200 минг дона ноёб, қўлда тўқилган гиламлар олиб келинган, уларнинг умумий нархи тахминан 2 млрд дирҳам (545 млн доллар)ни ташкил этади. Кўргазманинг илк ҳафтасида жами қиймати 1,5млн долларга яқин 300 атрофида гилам сотилган. 

Кўргазманинг асосий экспонати ҳисобланган ва юқорида сўз юритилган 6 метрга 10 метр ўлчамдаги “Олтин гилам”ни тўқиш учун 6 кишининг 7 ярим йиллик умри сарфланган. Heritage Carpet раиси ўринбосари доктор Афсхин Гханбаринианинг таъкидлашича, бир одам бу гиламга бутун умрини сарфлаган бўлар эди. 

Олтин гилам полотноси 800 дан ортиқ тусда жилоланади ва Форслар тарихи, хусусан Сафавийлар империясига доир лавҳаларни акс эттиради. 

Форс гиламлари асосан Эронда ишлаб чиқарилади ҳамда дунёдаги коллекция тўпловчиларнинг олмос сингари энг қадрли буюмларидан бири ҳисобланади. Бу каби гиламларни ишлаб чиқаришга 10 йилга яқин вақт сарфланади. 

Кўргазмага келтирилган бошқа ноёб гиламлар орасида 400 ва 150 йиллик иккита Эрон гилами ҳам бор эди. Бу иккисининг нархи 14 млн долларга баҳоланган.

Carpet and Art Oasis деб номланган кўргазма 15 январгача Дубайнинг Бутунжаҳон савдо марказида бўлиб ўтади. 

 

Мавзуга оид