2017 йилнинг 8 январь куни сайтимизда “Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар ёхуд икки қўлдан чиққан қарс” деб номланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Унда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги электр таъминоти билан боғлиқ муаммо кўтарилган. Шу сабаб бу масалага янада кенгроқ ёндашишни мақсад қилдик.

Ўзбекистон аҳолисини электр таъминоти билан тўлиқ таъминлаш бугуннинг асосий масалаларидан бирига айланди. Бу ҳақида мақолалар ёзилмоқда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир муаммонинг туб моҳиятига етиб бориш ва уни ҳал этиш учун, аввало, унга холис ёндашмоқлик талаб этилади. Бу нега керак? Чунки ҳеч ким “Айб биздан ўтибди, узр”, демайди. Шу сабаб борини, ўз ҳолича ўрганиш, эшитиш, ҳал этиш зарурдир. Жумладан, электр таъминоти муаммосини ҳам.

Танганинг биринчи томони

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қашқадарё вилояти, хусусан, Шаҳрисабздаги электр таъминотининг ёмонлашгани ҳақида мақола чиқарган эдик. У кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо масала ҳамон очиқлигича турибди. Бу ишлар, албатта, тезда ҳал этилмайди. Хўш, унда қачон? Аниқ муддат-санаси борми? Шу масалага янада чуқурроқ “шўнғиш учун” Қашқадарё ҳокимияти билан боғландик. Улуғбек Авазов деган мутахассис мавжуд имкониятни имкони борича тушунтириб ўтишга ҳаракат қилди.

“Қашқадарё вилоятининг электр таъминотидан қарзи 460 миллиард сўмни ташкил этади. Вилоятнинг электр энергияси бўйича кунлик сарф-харажати 3 миллиард сўмдан иборат. Шундан 1,3 миллиарди аҳоли эҳтиёжига сарфланади. Аммо аҳоли томонидан қиш мавсумида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиб кетиши сабаб, бу қиймат янада кўтарилади. Энг ачинарлиси аҳолининг ўз қарздорлигини ёпишни истамайди. Масалан, қишнинг совуқ кунларида хонадонларни иситиш учун электр печкаларидан фойдаланишга тўғри келади. Бу эса мавжуд электр таъминотининг белгиланган лимитидан ошиб кетишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида аҳолига 1 тоннаси 126 минг сўм бўлган кўмир сотилмоқда. Ушбу кўмирни узоқ муддатга ёқса бўлади, аммо 126 минг сўмлик электр энергияси билан ҳеч қанча муддатга уйни иситиб бўлмайди. Қолаверса, бу ҳам насия қилинади”.

“Яна бир гап”, - дейди мутахассис. “Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ электр тежовчи лампочкалардан фойдаланиш зарур. Бу ҳам истеъмолчига, ҳам давлатга фойдалидир”.