Ўзбекистон | 19:56 / 16.01.2017
38739
3 дақиқада ўқилади

2016 йилда Ўзбекистондан кўчиб кетганлар сони, келганлар сонидан кўп бўлди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 32,121 миллион кишини ташкил этди. Бу эса 1 йилда ўсиш 1,7 фоизга тенг бўлганини (545,8 минг киши) кўрсатади. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.

2016 йилнинг январь ойидан декабрь ойи охиригача мамлакатда 726,8 минг бола туғилган, туғилиш коэффициенти 22,8 промилле (2015 йилдагидан 0,6 промилле кам) бўлди. Туғилишлар сони Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Андижон, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида сезиларли даражада камайгани қайд этилган. Туғилиш ҳажми ошиши Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида кузатилган.

Ўтган йил мобайнида 154,5 минг ўлим қайд этилиб, ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил этди. Ўлим ҳолатлари Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида нисбатан кўп қайд этилди. Ўлим коэффициенти тушиши Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида кузатилган.

Рўйхатга олинган ўлимларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликлари, 9,4 фоизи ўсимталар, 6,7 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланиш, 5,9 фоизи овқат ҳазм қилиш органлари касалликлари, 4,9 фоизи нафас олиш органлари хасталикларидан, 1,9 фоизи эса юқумли ва паразитар касалликлар туфайли содир бўлган. 11,6 фоиз киши бошқа касалликлар туфайли ўлим топган.

Ўтган йил давомида бир ёшгача бўлган 7700 бола ҳаётдан кўз юмиб, гўдаклар ўлими 10,5 промиллени ташкил этган. 56,7 фоиз бир ёшгача болалар перинатал даврда вужудга келган ҳолатлардан вафот этган бўлса, 22,4 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 9,8 фоизи туғма нуқсонлар, 3,1 фоизи инфекцион ва паразитар касалликлардан, 1,9 фоизи бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар, 0,6 фоиз бола овқат ҳазм қилиш хасталиклари, 5,5 фоиз бола эса бошқа касалликлардан вафот этган.

2016 йил бошидан охиригача ФҲДЁ органлари 275,1 минг никоҳ ва 29,4 минг ажримни қайд этди. Республика бўйича никоҳ коэффициенти 8,6 промилле, ажрашувлар — 0,9 промиллени ташкил этди. Никоҳ коэффициенти камайиши республиканинг барча вилоятларида қайд этилган. Ажрашувлар сони эса Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида нисбатан кўп бўлган. Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида ажрашувлар сони қисқарди.

Январь-декабрь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар 141,7 минг, кўчиб кетганлар — 168,3 мингни ташкил этди. Миграция сальдоси минус 26,6 минг бўлди (2015 йилда — минус 29,3 минг). Миграция сальдоси Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида сезиларли даражада кўп бўлган.

Мавзуга оид