Ўзбекистонда 2016 йилда тиббиёт ходимлари билан боғлиқ 174 та жиноят иши қўзғатилган
14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди.
“Маълумки, биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз.
Ана шу муҳим соҳаларда қандай муаммолар бор? Бундан илгари ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари А.Икромовга мурожаат қилиб сўрамоқчиман:
биринчидан, нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмади? Бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмайди, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст;
иккинчидан, диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми?
учинчидан, сиз қачон тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб ўрнатиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлайсиз? Нима сабабдан улар аксарият ҳолатларда беморларга ҳақиқий тез ёрдам кўрсата олмайди?
тўртинчидан, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади? Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида сизга ва тизим раҳбарларига алоҳида айтган эдим;
бешинчидан, сиз нима сабабдан экологиянинг жиддий муаммолари билан етарлича шуғулланмаяпсиз? Ахир, бу соҳа одамларнинг соғлигига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилмайдими?
олтинчидан, шахсан сиз ва «Дори-дармон» компанияси раҳбари А.Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз? Ахир, бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади.
Адҳам Илҳомович, сиз раҳбарлик қилаётган комплекснинг яна бир муҳим тармоғи – жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Албатта, бу соҳада, айниқса, олий маҳорат спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз бор. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада?
Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилган. Бу – Миллий олимпия қўмитаси маблағларидан ташқари”, - деди Ўзбекистон Президенти.
Мавзуга оид
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024
ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
14:07 / 12.09.2024