Жамият | 22:07 / 17.01.2017
11026
6 дақиқада ўқилади

Келажакка ишонч ва дахлдорлик туйғуси

Фото: ЎзА

Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги — 97,5 фоизи мамлакатимиздаги бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “яхши ва барқарор”, дея ҳисоблайди. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри — 2016” сўровида қатнашган юртимиз тадбиркорлари, фермерлари, давлат хизматчилари, ишчилар, кексалар, ёшлар, турли миллат ҳамда дин вакиллари ана шундай хулосага келишди.

Сўров мамлакатимизнинг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши аҳоли томонидан қандай баҳоланаётганини аниқлаш мақсадида ўтказилди.

Фуқаролар мамлакатдаги тинчлик ва осойишталик, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни фаровон келажакка ишонч бағишловчи асосий омиллар сифатида келтириб ўтган. 2016 йил якунлари бўйича тадқиқот шуни кўрсатдики, фуқаролар давлатимиз ­раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда.

Сўров натижалари аҳолининг Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йил қонун устуворлиги таъминланадиган, мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маърифий соҳаларида ­юксак натижаларга эришиладиган, тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик янада мустаҳкамланадиган йил бўлишига қатъий ишончини намоён этди. Фуқароларимизда ижтимоий кайфият юксалиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш одамларимиз иқтисодиёт, ишбилармонлик муҳити ҳолатидан, ­шахсий хавф­сизлиги, ҳуқуқ ва ­эркинликлари ҳимояланганидан қониқиш ҳосил ­қилаётганини кўрсатди.

Айни пайтда фуқаролар тиббий хизмат, таълим муассасалари фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини, айрим ижтимоий муаммолар, коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги бўйича қарашларини билдиришди. Сўровда шу жиҳат ўз ифодасини топдики, юртимиз аҳолиси Президентимизнинг қонунчилик ташаббусларини, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Сўровда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари долзарб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, фуқароларни ўз ­фаолияти тўғрисида ахборот билан таъминлаш борасида камчиликларга йўл қўяётгани ҳақида фикр билдирилган. Жумладан, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг иши қатнашчиларнинг 38,7 фоизини у ёки бу даражада, 42,8 фоизини қисман қаноатлантираётгани, 13,6 фоизини эса қаноатлантирмаётгани аниқланди.

Фуқароларимизнинг фикрича, жойлардаги амалдорлар фаолиятининг натижадорлигини ошириш, уларнинг ишини янада шаффоф қилиш учун “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни ҳаётга изчил ҳамда кенг татбиқ этиш, халқ билан мулоқотнинг янги механизм ва усулларини жорий қилиш айни муддаодир.

Ўз навбатида, иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳам эътироф этилган. Сўровда қатнашганларнинг учдан икки ­қисмидан кўпи 2016 йилда ижтимоий аҳволи яхшиланганини қайд этган. Оила бюджетига пул тушумлари ва молиявий жамғармалари ўсиш суръатлари таҳлили шуни кўрсатдики, одамларимизнинг тадбиркорлик, фермерлик ­фаолияти, ойлик маоши, пенсия ошиши ҳисобига даромади кўпайган. Айни пайтда банк омонатлари, акциялар ва қимматли қоғозлардан тушум камайган. Сўровда аён бўлишича, ҳар икки нафар ­фуқародан бири маблағ жамғариб боради. Уларнинг аксарияти маблағини уйда сақлайди. Ушбу пулларни маросим ва тантаналар ўтказиш, зарур буюмлар, кўчмас мулк харид қилиш, фарзандларини ўқитиш, шунингдек, томорқа хўжалигини кенгайтириш учун ишлатишни ният қилишган.

Тадқиқот натижалари жамғармага эга фуқаролар сони ҳудудлар кесимида ҳамда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида қарийб тенглигини кўрсатди. Эркаклар аёллардан кўра зиёдроқ маблағ йиғиб боради, одамларимиз ёши улғайгани сари кўпроқ маблағ жамғаришга интилишади. Ўрта ва катта ёшдаги одамлар ёшларга нисбатан кўпроқ пул йиғишга интилишади. Сўровда қатнашганлар ўз иқтисодий аҳволини яхши ва ўрта, деб баҳолашган. Топиш-тутиши ўртадан кам ва ёмон бўлганлар сони жуда ­озчиликни ташкил қилади.

Сўровда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2016 йил 24 сентябрда ташкил этилган Виртуал қабулхонаси инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашда самара бераётгани алоҳида қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти­ Виртуал қабулхонасига айлантирилган мазкур портал давлатнинг халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши учун кенг ­имконият яратмоқда. Фуқаролар давлатимиз раҳбарининг Халқ қабулхоналарини ташкил этишга доир ташаббусини кенг қўллаб-қувватламоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, фуқароларнинг фикрича, инсон манфаатларини таъминлаш, юртдошларимизнинг орзу ва интилишларини, ҳаётий муаммо ҳамда эҳтиёжларини билишга қаратилгандир.

Жамоатчилик фикри мониторинги ўз ҳаётидан рози бўлган фуқаролар сони ўсаётганини намоён этди. Одамларимизнинг ижтимоий кайфиятига уларнинг ҳуқуқий ҳимоялангани ҳам ижобий таъсир кўрсатаяпти. Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 93,8 фоизи аҳоли ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши мумкинлигидан ҳуқуқий ҳимояланган, деб ҳисоблайди. Фуқароларнинг 71,8 фоизи мабодо қонуний ҳуқуқлари бузиладиган бўлса, уларнинг тикланишига ишонади.

Фуқароларнинг юқори даражадаги ижтимоий кайфияти ўз оиласидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан, мавжуд шароитлар, ҳуқуқий ҳимояланганидан мамнун экани, қолаверса, оиласи ва мамлакатимиз келажагига ишонишидан далолат беради. Фуқароларимиз инсон манфаатлари мамлакатда ҳукм сураётган тинч­лик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитида таъминланиши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади, деб билишади ва давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлар стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид