Жамият | 23:55 / 18.01.2017
107301
9 дақиқада ўқилади

Самарқандни "зулмат"дан ким қутқаради?

Мана ўн кундирки, Самарқанд аҳолиси электр энергиясининг тез-тез ўчирилишидан азият чекмоқда. Ҳеч ким электр қуввати қачон ўчишини олдиндан тахмин қила олмайди. Баъзан, ҳар 2-3 дақиқада ёки 5-15 дақиқа ёруғлик манбаидан маҳрум қилишади ва қайта улашади. Буларнинг бари, гўёки инсонларни қасддан мазах қилаётгандек таассурот уйғотади. Нима қилиш керак, кимга мурожаат қилиш лозим? Nuz.uz сайтида эълон қилинган мақолада, муаллиф Т. Рахматуллаев шундай савол билан мурожаат қилади?

Унинг ёзишича, 12 январь куни «Самарқанд (вилоят) ҳудудий электр тармоқлари қорхонаси» ОАЖ директори Ғулом Примов қабулида бўлган. Журналист электрэнергиясининг тез-тез ўчирилиши сабабига ойдинлик киритишни хоҳлаган. Директор бу масала сабабини маълум қилиб, Сирдарё электрстанциясида юз берган авария туфайли агрегатлардан бири 3 кун мобайнида ишламаган. «Ҳозирда станция тўлиқ қувват билан ишламоқда ва ёруғлик манбаи билан боғлиқ муаммо ҳал этилади», - деган очиқ акциядорлик жамияти раҳбари ишонч билан.

Афсуски, ўша кундан бери ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, -дея қайғуради муаллиф ҳамда ўз сўзларининг исботи сифатида электрэнергиясининг 13 январдаги узилиш ва уланиш вақтларини қайд қилган жадвални ҳавола қилади.

Бу жадвалдан кўриш мумкинки, электр келиши ва узилиши ўртасида, асосан, 1-3 дақиқа фарқ бор! Тасаввур қилинг, бу инсоннинг асабига қанчалик тегишини. Уйида генератори бўлган танишимнинг айтишича, деб ёзади мақола муаллифи, аппаратга энди етиб борганда, ток келади, ўчирганда, электрэнергияси ҳам ўчади.

Муаллиф 16 январь куни шаҳар электр тармоғида бўлган ва унинг раҳбари Алишер Муталибов билан учрашган. Электрэнергиясидаги узилишлар хусусида сўзлаган раҳбар энергиянинг етмаётганини тан олган.

«Нима учун бу нарсани ҳеч ким очиқча тан олмайди ва ошкора гапирмайди?», - деган савол эса жавобсиз қолган. Агар одамлар юзага келган вазият сабабларини билганида, бунчалик азият чекишмас, балки аҳволни тўғри тушунишган бўлармиди?

Муаллиф вилоят электр тармоғи раҳбари Примовга билдирган таклифини А.Муталибовга ҳам билдирганини айтади. Таклиф шундан иборатки, ишлаб чиқарилаётган энергия етишмаётган экан, шаҳар бўйича жадвал ишлаб чиқилиб, аҳолини ундан хабардор қилинса, токи қачон, қайси соатда электрэнергияси бўлмаслигини билган халқ, шунга қараб ишини режалаштиришига имкон берса бўлади-ку? Маълум бўлишича, Наманганда айни тажриба ҳаётга татбиқ этилган экан. Бу ҳақда маълум қилган журналист Анастасия Лебедева, «кеча кечқурун фақатгина 15 дақиқага ўчиришди», дея қайд этган эди. Бу таклифни тинглаган суҳбатдош, айни вақтда бу масала ўрганилаётганини айтган. Муталибовга кўра, икки йил муқаддам, Примов ҳам шу ҳақда сўз юритган …

Мақола муаллифи бўлган журналист, ўша куни Муталибов қабулига бир неча одам келганига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзади. Бироқ, шаҳар электр тармоғи раҳбари ҳеч кимга бирор сўз демасдан қаёққадир кета бошлаган.

У журналистнинг «шунча инсон қабулингизга кириш учун эрталабдан навбатда турибди, сиз нимага кетяпсиз?», деган саволига вазир ўринбосари келиб, учрашувга чақираётганини рўкач қилган. Журналист унга, соат 11 гача одамларга қабул қилиши шарт эканини хотирлатганига жавобан, Муталибов «мен нима қилишим керак, вазир ўринбосари кутиб ўтирмайди», дея жавоб берган ва хонасидан чиқиб кетган.

Муаллиф, қабул келган фуқаролар ташвишлари, муаммолари билан қизиққан. Улар бир неча бор шаҳар электр тармоғига мурожаат қилганига қарамай, электр энергияси тармоғидаги нуқсонлар бартараф этилмаётгани, муаммолар ҳал этилмаётганидан нолишган.

Рахматуллаевнинг айтишича, мақолада электрэнергияси тез-тез ўчириладиган маҳаллаларни номма-ном қаламга олишнинг кераги йўқ. Чунки, шаҳар бўйича деярли шу аҳвол. Самарқанд вилоятининг қишлоқ жойларини эса, гапирмаса ҳам бўлади. Энг ёмон ҳолат эса, 16 январь куни бўлди, деб ёзади муаллиф. Кўплаб маҳаллаларда кунбўйи ток бўлмаган. Хусусан, Боғимайдон маҳалласида тонгги 6:30да ўчирилган электрэнергияси 17:00да келган. Шундан сўнг, кечки 22:00гача яна 6 марта ўчирилган.  Обираҳмат ва Кирча маҳаллаларида ҳам шундай вазият қайд этилган.

Рахматуллаев, мақоласини давом эттирар экан, шаҳарликларнинг фикрларини ҳам келтириб ўтади. Жумладан профессор Хуршид Самибаев шундай деган: «Мен 80 ёшдаман. Нима қилиш керак? Бизнинг Сўзангарон маҳалламиза на электр бор, на табиий газ. Яқинда кўзимдан жарроҳлик амалиёти ўтказдим. Бундай шароитда, зўрға тузалаяпман. Шахсан бошқармага боролмайман, телефон қилсам, ҳеч ким жавоб бермайди. Нима қилайлик? Чироқсиз ва иссиқлик манбаисиз қишни қандай ўтказайлик?».

Наталия Мармазинская: «Севали ("8 Март" фабрикаси қаршисида) маҳалласида, Шота Руставели ва Ал Хоразмий кўчаларида ҳам шу аҳвол. Болаларга ачинаман, нима қоронғу хоналарда яхши таълим ҳам олишолмайди. Уйга вазифаларини кўнгилдагидек бажаришолмайди. Эрталаб, одамга ўхшаб нонушта қилишолмайди. Болалар учун узлуксиз асаббузарлик ва кўриш қобилиятининг бузилиши. Бундай асаббузарлик катталар учун керагидан ортиқ. Энди шифохоналарни бир ўйлаб кўринг! Кексаларга ачинаман. Самарқандликларнинг барчасига ачинаман. Бу ҳол эса бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Наҳотки, шунча йиллар мобайнида вазиятни ўнглашнинг имкони ва одамларга азоб бермасликнинг иложи бўлмаган?!».

Феруза Шарапова: «Уч марта Президент порталига қўнғироқ қилдим. Уч кундан сўнг, дастлаб қўнғироқ қилишди, сўнгра манзил бўйича келишди. Узр сўрашди, электртармоғи ва газчилар билан масалани ойдинлашиб олишини айтишди. Аммо, натижа йўқ. Куни кеча, менга мактуб йўллашибди. Унда, мурожаат қилган масалам ижобий ҳал қилинганмиш. Аслида, ундай эмас! Электрэнергияси ва газ муаммосини ҳеч ким ҳал қилгани йўқ. Аксинча, баттар бўлди. Энди, ўша ишчилар, қаёққа, ёзсанг ёз, дея таҳдид ҳам қилишмоқда».

Кўпчилик аҳоли эса, шаҳарда ўнлаб кўп қаватли уйлар, шаҳар атрофида намунали уйларни қуришдан аввал, уларнинг электр таъминоти ҳақида, наҳотки, ўйлашмаган бўлса?, деган саволларни ҳам беришмоқда?

Вужудга келган вазият нафақат аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда, балки корхоналар, ташкилотлар, таълим, мактабгача тарбия ва тиббий муассасалари, банкларнинг бар маромда ишлашига халақит бермоқда.

Аҳолининг кўп сонли мурожаатларига эса, маҳаллий ҳокимият органлари,  «Ўзбекэнерго» АК, унинг жойлардаги бўлимлари на жавоб беради, на сабабини тушунтиради. Энг яхши ҳолатда, кабелга зарар етгани, аҳолининг, табиий газ йўқлиги туфайли электр иситгичлардан оммавий фойдаланаётганини рўкач қилишади. Масалан, «Ўзбекэнерго» муаллиф мурожаатларидан бирига йўллаган жавобида, электрэнергиясидаги узилишлар учун бош айбни аҳоли зиммасига юклаган эди. Яъни, унга кўра, аҳоли қишнинг қиронли кунларида қўлбола иситиш қурилмаларидан фойдаланаётган экан.

Аммо, кундуз кунлари ҳаво илиқ бўлмоқда. Шунга кўра, аҳолининг оммавий равишда электр ускуналаридан фойдаланиши ток узилишларига сабаб бўла олмайди. Шу билан бирга, «оммавий қарздорлик» ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин эмас. Чунки, ҳар бир маҳаллада, аксарият фуқаро фойдаланган электрэнергияси учун ўз вақтида тўлайди. Виждонсизлар борасида эса, уларни аниқлаб, қонун бўйича жазолаш лозим. Улар сабабли, қонунга риоя қилувчилар жабр чекиши керак эмас-ку, ахир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари ва 2017 йил иқтисодий дастурининг долзарб йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев адолатли саволни қўйган эди: ««Ўзбекэнерго» АЖнинг ишчилари сони – 67 минг киши, шу жумладан, тўловларни «йиғувчилар» бўлишига қарамай, улкан дебиторлик қарзлари борлигини қандай тушиниш мумкин?»

Давлат раҳбарининг ушбу чиқишидан сўнг, аҳолида, ниҳоят, давлат мулозимлари уларнинг сўзларини тинглашига доир умид уйғонди.

Шундай ўзгаришлар кутилаётган бир вақтда, «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти ва ишчилари, Самарқанд ҳокимияти вакиллари аҳоли билан ошкора мулоқотни йўлга қўйиб, электрэнергиясидаги узилишлар сабабини очиқ-ойдин тушунтиришади. Балки, юзага келган вазиятни яхшилаш борасида амалий чоралар ҳам кўрилар ҳамда қадимги ва ҳамиша навқирон Самарқанд зулматдан ёруғликка чиқар?

Мавзуга оид

Эълонлар