18:11 / 19.01.2017
8577

Ҳавайилик аёл 94 ёшида бакалавр дипломини олди

Ҳавайида истиқомат қилувчи 94 ёшли Эми Кратон Нью-Ҳэмпшир университетида узоқ кутилган бакалавр даражасига эришди. Бунинг учун аёл масофадан ўқиш курсини тугаллади ва имтиҳонларни муваффақиятли топширди. "Life" нашри шу ҳақида хабар берди.

Кратон хоним ногиронлар аравачасида ҳаракатланади, шунинг учун у бошқа штатдаги дипломини олиб кетиш учун бора олмади. Буни қарангки, SNHU (Нью Ҳэмпшир жанубий университети - НҲЖУ) президенти дипломни топшириш учун шахсан ташриф буюрди.

Эми Кратон дунёдаги энг кекса битирувчилардан бири ҳисобланади. Санъат соҳасида бакалавр даражасини олган аёл энди магистр даражасини олиш ҳаракатида. Бундан ташқари, у япон хайку шеъриятига қизиқади ва тез орада мазкур жанрда болалар китобини яратиш борасида ўйланмоқда.

"Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, шу боис ўқишни давом эттирмоқчиман. Агар сиз охиригача тугалламай кетган таълим муассасасига қайтишни ўйлаётган бўлсангиз, - шундай қилинг. Сиз ўзингиз учун янги ҳаётни кашф этасиз".

Эми Кратон, SNHU битирувчиси

Кратон университетга 1962 йилда ўқишга кирган, бироқ 4 фарзандини боқиш учун кун бўйи ишлагани боис уни тарк этишига тўғри келган. Бугунги кунда Эмининг 4 невараси ва 12 чевараси бор.

Эмини қутлаш учун унинг дўстлари ва қадрдонлари ташриф буюришди.

Top