Bloomberg: Кремлнинг Трамп борасидаги хурсандчилиги ишончсизликка айланди
Кремль маъмуриятининг Дональд Трамп ғалабасидан ҳис қилган хурсандчилиги узоққа чўзилмай, ишончсизликка айланган, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги Россиядаги юқори лавозимли мулозимларига асосланган ҳолда.
Агентлик маълумотларига кўра, Кремль Трамп даврида АҚШ билан муносабатларни қисқа муддатга бўлсин яхшилаш мумкинлигига унчалик ишонмаяпти.
«Оқ уйда Владимир Путин мухлиси пайдо бўлишига доир Кремлдаги дастлабки хурсандчилик ишончсизликка айланди», — деб хабар қилган Bloomberg Москвадаги 4 нафар юқори лавозимли манбасига асосланган ҳолда.
Бунга, Қўшма Штатлар сайланган президентининг айрим баёнотлари сабаб бўлган. Хусусан, у АҚШ ядро салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритган эди. Шунингдек, Трамп, Европа ОАВга берган интервьюсида, Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш сифатида қуролсизланиш музокараларини ҳам шарт қилиб илгари сурганди.
«Кремлнинг Трампдан кутаётганлари сезиларли ўзгарган», — дея Сиёсий конъюктура маркази директори Алексей Чеснаков сўзларини келтиради Bloomberg агентлиги. «Россия раҳбарияти муносабатларни тиклаш осон бўлмаслигини аниқ кўрмоқда», — дея қўшимча қилган Чеснаков.
Трамп АҚШ президентлик сайловолди кампаниясида Россия билан муносабатларини турлича тахмин қилган эди. Жумладан, миллиардер президент 2016 йил 8 сентябрдаги чиқишида «Путин икковининг муносабатлари жуда, жуда яхши бўлиши» ҳақида фикр билдирган эди.
Бундан уч ойлар илгари, яъни 2016 йил ёз ойларида Reuters агентлигига берган интервьюсида: «Ўйлайманки, Россия билан муносабатларимиз яхши бўлади. Балки, бундай бўлмас. Путин мен ҳақимда ижобий сўзларни айтгани, музокараларда унга қўл келишини англатмайди. Ҳа, ҳақиқатда ёрдам бермайди», - деган эди.