Жаҳон | 13:31 / 23.01.2017
6207
2 дақиқада ўқилади

Сурия ҳукумати ва мухолифат яқин соатларда бевосита музокараларни бошлайди

Фото: AP

Сурия ҳукумати делегацияси ва мухолифат вакиллари 23 январь куни Остонада бир даврада ўтиради ва воситачи иштирокида музокараларни бошлайди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги мухбири билан мулоқотда Сурия мухолифати ва инқилобий кучлари миллий коалицияси раҳбари ўринбосари Абдул Ҳаким Башар маълум қилган. 

"Ҳа, бу тўғридан-тўғри музокаралар бўлади", - деган агентлик суҳбатдоши. Бунда мухолифат делегацияси аъзоси воситачи ким эканига ойдинлик киритмаган. Унинг айтишича, бу Россия, Туркия ёки БМТ бўлиши ҳам мумкин. 

Мухолифат делегациясининг яна бир вакили Усома Абу Зайднинг журналистларга маълум қилганидек, Сурия мухолифати музокараларда сулҳга эътибор қаратади, ҳозирча, сиёсий йўл билан инқирозга барҳам бериш масаласини кўриб чиқмайди. 

"Ҳар қандай музокараларда, агар сулҳга риоя қилинмас экан, муаммони ҳал этиш борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деган у. – Ўт очишни тўхтатиш тартиби – музокаралардаги муваффақиятнинг бош омилидир".

Усома Абу Зайднинг қайд этишича, Сурия мухолифати Дамашқ яқинидаги Барад водийсида сулҳ масаласини кун тартибига чиқаради. Уларнинг фикрича, бу ҳудуддаги сулҳни Эрон назоратидаги "Ҳизболлаҳ" жангарилари бузмоқда. 

"Бу шунчаки сулҳ тартибини бузиш эмас, балки ҳудудни эгаллаб олишга уринишдир", - деган Усома Абу Зайд. 

"Биз бу маълумотни кафолат берган мамлакатларга тақдим этдик ва таъсир ўтказишни талаб қилдик", - деб қўшимча қилган мухолифат вакили. 

23-24 январь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Сурия инқирози бўйича Сурия ҳукумати ва мухолифати ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Унда, шунингдек, РФ, Эрон, Туркия, АҚШ ва БМТ бош котибининг Суриядаги махсус вакили Стаффан де Мистура иштирок этмоқда. 

Мавзуга оид