Жаҳон | 10:25 / 27.01.2017
8739
2 дақиқада ўқилади

Барак Обама хотира китобини ёзса, қанча ишлаб топиши мумкинлиги маълум қилинди

АҚШ собиқ президенти Барак Обама ўз хотиралар китоби учун 20 миллион АҚШ доллари олиши мумкин. Бу ҳақда International Creative Management Partners агентлиги нашриёт гуруҳи раҳбари Эстер Ньюберг The Hollywood Reporter журналига маълум қилди. У кино, телевидение, мусиқа, адабиёт ва кўнгилочар соҳалардаги ижодкор кишилар билан ишлайди.

"Обаманинг хотиралар китоби бошқа барча президентларникига қараганда анча қимматроққа баҳоланиши аниқ", - деди у.

Принстон университети тарихчиси Жулиан Зелизер ҳам шу фикрда. У АҚШдаги президентлик институтини ўрганади.

Унинг фикрича, Обамага барча президентларга қараганда қизиқиш кучлироқ. “Баракка ундан нафратланувчи консерваторлар ҳам, унинг ишларидан ҳайратга тушиб, қувонувчи либераллар ҳам катта қизиқиш билдиради”, - деди у. Зелизернинг тахминича, Обамага китоби учун Билл Клинтон ёки кичик Жорж Бушдан кўпроқ маблағ таклиф этишлари аниқ.

Буш 2010 йилда нашрдан чиқарилган “Ҳал қилувчи қарорлар” китоби учун 7 миллион доллар ҳақ олганди. Клинтон эса барча Америка собиқ президентлари учун рекорд саналган 15 миллион долларни “Менинг ҳаётим” хотира китоби учун олган. У 2001 йилда 2,2 миллион нусхада тақдим этилган.

The Hollywood Reporter’нинг таъкидлашича, Обамага китоб ёзишда унга нутқлар тайёрлаш бўйича собиқ ёрдамчиси Коди Кинан ёрдам беради. Собиқ президент аввалроқ хотира китоби устидаги ишни “энг устувор вазифа” деб атаганди.

Журнал, шунингдек, китобни Мишель Обама ҳам ёзиши мумкинлигини маълум қилган. Ньюбергнинг фикрича, у Ҳиллари Клинтондан ҳам кўпроқ маблағ ишлаб топиши мумкин. Клинтон хоним “Жонли тарих” автобиографияси учун 8 миллион долларга эга бўлганди.

Мавзуга оид