Ўзбекистон | 00:28 / 28.01.2017
20974
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: Хоразмга «Afrosiyob» тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 январь куни Хоразм вилоятига ташриф буюргани ҳақида ЎзА агентлиги хабар бермоқда. 

Президентимизнинг вилоятга ташрифи Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасидан бошланди. 

Музей-қўриқхона – Ичан-қалъа мажмуаси халқимиз тарихи, маданияти, илм-фани, қадимий меъморлик ва ҳунармандлик анъаналарини мужассам этган. Инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Музей фондида 38 минг 561 экспонат бор. 2016 йилда Ичан-қалъага 75 мингга яқин киши, жумладан, 84 мамлакатдан 34 минг сайёҳ келган. 

Хоразмда бундай тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бораётир. 2016 йилда хорижлик сайёҳларга кўрсатилган хизматлар экспорти 2013 йилга нисбатан 20 фоиз ошган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янада кенг имкониятлар яратди. 

Паҳлавон Маҳмуд мақбараси зиёрат қилинди. 

Давлатимиз раҳбари Матниёз Девонбеги мадрасасида Хива шаҳрининг тарихий қисмида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари режаси, Исфандиёрхон қабул маросимлари уйи ва Нуриллабой сарой мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишди. 

Президентимиз Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, янги йўналишлар ташкил этиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, меҳмонхоналар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Зотан, туризм мамлакат иқтисодини ривожлантириш, айниқса, янги иш ўринлари яратишда муҳим соҳалардан ҳисобланади. 

Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди. Шаҳарнинг туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида сайлгоҳ кўчалар ташкил этиш ва кечки сайр имкониятини яратиш, уларда миллий урф-одатларимиз ва кўнгилочар дастурларни намойиш қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан суҳбатда тармоқда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, сувенир ишлаб чиқарадиган корхоналарни кўпайтириш хусусида сўз борди. Соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Хоразм Маъмун академиясига ташриф буюрди. 

Ушбу академия Биринчи Президентимизнинг 1997 йил 11 ноябрдаги фармонига мувофиқ қайта ташкил этилган. 2006 йили ЮНЕСКО шафелигида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланган. 

Бугунги кунда илмий муассасада 41 нафар илмий ходим, жумладан, 7 нафар фан доктори, 19 нафар фан номзоди фаолият юритмоқда. Улар Хоразм давлатчилик тарихи, бу заминдан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, Хоразм меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш, шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш каби йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. 

Президентимиз академияда илмий йўналишларни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий қилиш, олимларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш зарурлигини таъкидлади. Академия томонидан археология йўналишида эришилган муваффақиятлардан фойдаланиб, бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш, халқимиз тарихини чет эллик туристларга тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Мавзуга оид