Жаҳон | 10:30 / 29.01.2017
7174
2 дақиқада ўқилади

АҚШга келганларга вақтинчалик мамлакатда қолишга рухсат берилди

АҚШга амал қилувчи визалар билан келганлар президент Дональд Трампнинг миграция фармонига қарамасдан, мамлакатда вақтинчалик қолишга суд рухсатини олдилар. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

27 январда АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШга 120 кунга қочқинларни қабул қилишни тўхтатувчи, Суриядан келган қочқинларни номаълум муддатга жойлаштиришни тақиқловчи, АҚШга киришнинг баъзи қоидаларини қатъийлаштирувчи ҳамда бир нечта мусулмон давлатлари фуқароларининг АҚШга 90 кунга киришини тўхтатувчи фармонни имзолади. Фармонда кўрсатилишича, гап Ироқ, Эрон, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали фуқароларининг АҚШга киришининг вақтинчалик тақиқланиши ҳақида кетмоқда.

АҚШнинг фуқаролик эркинликлари иттифоқи маълумотларига кўра, суд қарори АҚШ аэропортларида ва транзит ҳудудларида ушланган 100 дан 200 гача одамга тааллуқли бўлади. АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги вакилининг маълум қилишича, фармон кучга киргандан кейинги 23 соат ичида 109 сайёҳга мамлакатга кириш тақиқланган. 

Судья Энн Донелли иттифоқ ҳуқуқшунослари АҚШ аэропортларида ушланган юқоридаги 7 та давлат фуқаролари номидан арзнома беришгандан кейин тегишли кўрсатмани чиқарди. "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлигининг маълум қилишича, бутун мамлакат бўйлаб амал қилувчи ушбу суд қарори АҚШ ҳукуматига президентнинг янги фармони таъсири остига тушувчиларни АҚШдан депортация қилишни вақтинчалик тақиқлайди. Бу қарор, шунингдек, қочқин мақоми берилишига рухсат олган барчанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Мавзуга оид