Ўзбекистон | 20:45 / 31.01.2017
14513
3 дақиқада ўқилади

“Ягона ойна” божхона ахборот тизими ишга туширилди

Давлат божхона қўмитасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Очиқ ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги” тўғрисидаги Қонуни доирасида божхона органларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборотлар берилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизимининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) вакиллари, пойтахтимизда фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилди.

“Унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш” лойиҳасини амалиётга жорий этиш ишлари 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Ҳукуматлари ўртасида икки томонлама Ҳадли битим имзоланганидан сўнг бошланганди. 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг навбатдаги ёрқин ифодаси бўлиб, уни амалга ошириш учун Жанубий Корея томонидан 5,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилган эди.

Лойиҳани ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш маҳаллий ва Корея Республикасинниг юқори малакали мутахассислари билан ҳамкорликда белгиланган муддатдан кечиктирмай, яъни 2014-2016 йиллар давомида тўла амалга оширилди. 

«Ўзстандарт» агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси каби қатор вазирлик ва идораларни қамраб олган мазкур тизим ёрдамида 20 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари, шу жумладан, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринар гувоҳнома ва бошқа шу каби ҳужжатларни олиш мумкин.

Тадбир давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари “Ягона ойна” ахборот тизими юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. 

“Ягона ойна” ахборот тизими www.sw.customs.uz манзилида синов тарзида ишга туширилди.

Тақдимот маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Квон Ёнг Ву иштирок қилди.

Мавзуга оид