Ўзбекистон | 15:38 / 31.01.2017
109649
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг президентликдаги илк китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" номидаги китоби "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди.

Китобдан давлат раҳбарининг шу йил 14 январь куни бўлиб ўтган, мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси ўрин олган. 

Чуқур таҳлил ва танқидий ёндашувга асосланган ушбу рисолада Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларига атрофлича баҳо берилган. Айни вақтда иқтисодиётни бошқариш, уни модернизация ва диверсификация қилиш борасида кейинги пайтда турли вазирлик ва идоралар томонидан йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар очиқ ва холис танқид қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилган. Турли соҳалардаги мавжуд улкан имконият ва захираларни тўлиқ ва самарали ишга солишга жиддий эътибор қаратилган. 

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2017 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар, жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда иқтисодиётга хорижий инвестициялар, замонавий технологияларни жорий этиш билан боғлиқ муҳим вазифалар маърузада батафсил кўрсатиб берилган. Айниқса, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурини амалга ошириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, жумладан, шаҳар ва қишлоқларимизда арзон ва қулай уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни, мактабгача таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли вазифалар ҳам китобдан алоҳида ўрин эгаллаган.

Мавзуга оид