Жаҳон | 19:19 / 01.02.2017
6324
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда қурилаётган бино қулаши оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида қурилаётган олти қаватли бино қулаб тушиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 40га яқин инсон вайроналар тагида қолмоқда, деб хабар берди ANI агентлиги маҳаллий ҳукуматга асосан.

Ҳодиса Канпур шаҳри четида чоршанба куни юз берган. Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар бўйича Миллий кучлар хизматчилари ишламоқда.

Айни дамда вайроналар тагидан уч киши қутқариб олинган. Маҳаллий ҳукумат маълумотига кўра, яна 30-40 нафар инсон вайроналар остида қолаётган бўлиши мумкин.

Ҳодиса сабаблари текширувдан ўтказилмоқда, тахминий маълумотларга кўра, бир йилдан бери қурилаётган бино заиф асос сабаб қулаб тушган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Ҳиндистонда турар-жой бинолари қулаб туриши тез-тез учраб туради – улар орасида қурилаётган ҳам, қурилиши битган бинолар ҳам бор. Аксарият вазиятларда бундай ҳолатлар қурилишдаги хавфсизлик нормаларига амал қилмаслик, сифатсиз қурилиш маҳсулотларидан фойдаланиш сабаб кузатилади.

Мавзуга оид