Аргентина собиқ президентини фарзандлари билан терговга чақиришди
Аргентина судьяси Клаудио Бонадио мамлакатнинг собиқ президенти Кристина Фернандес де Киршнерни фарзандлари билан бирга сўроққа чақирди. Собиқ президент фарзандлари Максимо ҳамда Флоренсио Киршнерлар билан коррупция ва пулларни ноқонуний ўтказишда гумон қилинмоқда.
Қарорга кўра, "мавжуд гумонлар"ни эътиборга олган ҳолда, собиқ давлат раҳбари 7 март куни, ўғли ва қизи эса 6 март куни кўрсатмалар беришлари керак. Умуман, суд томонидан 21 киши сўроққа чақирилган. Улар орасида тадбиркорлар Кристобаль Лопес ва Ласаро Баес пулларни ноқонуний ўтказишларда гумон қилиниб, қамоқда сақланмоқда.
Уларнинг барчаси Киршнерлар оиласига тегишли ва кўчмас мулк битимлари билан шуғулланувчи Los Sauces компанияси фаолиятига доир иш бўйича кўрсатмалар беради. Фернандес де Киршнер ва унинг турмуш ўртоғи, марҳум президент Нестор Киршнер вақтида тадбиркорлар Кристобаль Лопес ва Ласаро Баес давлатдан кўплаб буюртмалар олган.
Фернандес де Киршнер суд қарорига фикрини билдирар экан, уни ҳукумат кўрсатмасига биноан, электр энергияси ҳақлари кўтарилгани, нархларнинг ўсиши каби муаммолардан халқ эътиборини чалғитиш мақсадида сўроққа чақиришганини айтган.
"Буни қандай яшириш мумкин? Бонадио Фернандес де Киршнерни айнан Меҳнат конфедерацияси норозилик намойиши ўтказадиган куни чақиришга қарор қилган ва ҳар эҳтимолга қарши, кифоя қилмаса, унинг фарзандларини ҳам", - деб ёзган собиқ президент Telegram иловасидаги каналида.
Айни вақтда Фернандес де Киршнерга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. У давлат маблағларини ўзлаштириш мақсадида жиноий тил бириктирганлик ва Аргентина Марказий банки фирибгарликларига алоқадорликда айбланмоқда. Собиқ президент, шунингдек, коррупция ва ноқонуний йўл билан бойлик орттирганликда гумон қилинмоқда. Кристина Фернандес де Киршнер ўзини сиёсий таъқиблар қурбони деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
16:12 / 23.10.2024
Аргентинада солиқ хизмати тугатилди
13:19 / 07.10.2024
Инфантино ва «футзал Пелеси» келган, Бразилиянинг омади чопган финалдан эксклюзив фотожамланма
20:30 / 24.09.2024
Аргентина суди Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ордер берди
19:53 / 10.09.2024