Энг муҳим ўйинлар ҳафтаси. Лондон дербисидан тортиб, италянча «класико»гача
Бошланган уик-энднинг Европанинг етакчи чемпионатлари учун энг муҳим ҳафталардан бири бўлади. Кучли бешлик чемпионатларида бу ҳафта қизиқарли ўтиши кутилаётган тўқнашувлар кўплиги ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Tribuna.Uz уик-энднинг энг муҳим бешта учрашуви анонси билан таништиради.
Челси – Арсенал (4 февраль, Тошкент вақти билан – 17:30, Трансляция: UzReport, Матч! Футбол 1)
Бўлажак Лондон дербиси барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 189-марта икки жамоанинг ўзаро тўқнашувига айланади. Ҳозирча бу ўйинларда «Арсенал» устунликка эга 73 ғалаба, 54 дуранг, 61 марта «Челси» ғалабаси.
Англия премьер-лигаси ташкил этилганидан буён эса бу икки жамоа ўзаро 50-юбилей учрашуви бўлади. Ҳозиргача ўтказилган 49 учрашувнинг 16тасида «Челси» ғалаба қозонган бўлса, 19 марта «Арсенал»нинг қўли баланд келган, 14 учрашувда ғолиб аниқланмаган. «Челси» «Арсенал»га қарши ўз уйида ўтказган 4та учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Жорий мавсумнинг биринчи даврасидаги учрашувда эса ҳали Конте жамоаси бугунги даҳшатли формасига кириб олмаганди ва бундан «Арсенал» унумли фойдаланиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Иккала жамоанинг сўнгги олтита ўйинига қарайдиган бўлсак, бир хил натижани кўришимиз мумкин – 4 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият. Фарқли томони «Арсенал» уч кун муқаддам ўз уйида кутилмаганда «Уотфорд»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. «Челси» эса асосий рақибларидан бири «Ливерпуль» уйида дуранг натижа қайд этишга муваффақ бўлди.
Бу учрашувдаги ғалаба Конте жамоасини чемпионлик учун курашда энг катта қадамни ташлаши учун хизмат қилиши мумкин. Яқин таъқибчисидан 9 очко олдинда бораётган жамоа, ушбу турдаги ғалаба эвазига кейинчалик ҳеч кимни ўзига яқинлаштирмаслиги мумкин бўлади. «Арсенал» эса бунга йўл қўймаслиги учун ҳам, «Стэмфорд Бриж»да сўнгги тўртта учрашувда эплай олмаган ишини бу сафар бажариши керак бўлади.
Конте жамоасида айтарли ҳеч қандай йўқотишлар йўқ. Жамоа сўнгги учрашувларда майдонга деярли ўзгаришсиз тушаётган таркибидан тўлиқ фойдаланиши кутилмоқда. Аммо «канонирлар» ҳақида бундай деб бўлмайди. Ўтган ҳафтада Аарон Ремзи камида бир ойга сафдан чиқди. Гранит Чака дисквалификация муддатини ўташда давом этади. Муҳаммад эн-Нени эса жамоа билан Африка кубоги финалига йўлланма олди ва курашни давом эттирмоқда. Санти Касорла эса анчадан буён майдонга туша олмаяпти. Шунингдек Окслейд-Чемберленнинг ҳам ўйинга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, ўйинда иштирок эта олмайдиган футболчиларнинг барчаси яримҳимоя вакиллари. Шу боисдан, бўлажак ўйинда «Арсенал»га захирада нафақат бош мураббий балки яримҳимоячиларнинг ҳам етишмовчилиги кузатилиши кўриниб турибди.
Боруссия Дортмунд – РБ Лейпциг (4 февраль, 22:30, Матч! Футбол 3)
«РБ Лейпциг» ҳамон мухлис-у мутахассисларни ажаблантиришда давом этмоқда. Иккинчи даврадаги дастлабки икки учрашувни ҳам жамоа ғалаба билан бошлади. Бўлажак рақиби «Боруссия»ни турнир жадвали 19-турдан кейин 11 (!) очкога ортда қолдирмоқда. Ўтган турда Хазенҳюттл шогирдлари «Ҳоффенҳайм»нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйди.
Дортмундликларда эса вазиятни бундай деб бўлмайди. Жамоа ўтган турда «Майнц»га қарши учрашувда ғалабани қўлдан чиқарди. Энди жамоа «Лейпциг» билан орадаги фарқни бироз бўлсада қисқартириши учун ўз уйида кечадиган учрашувда ғалаба қозониши шарт бўлади. Жамоаларнинг ўзаро дастлабки даврадаги учрашувида «Лейпциг» минимал ҳисобдаги ғалабани қўлга киритган.
Ральф Хазенҳюттл олдида муҳим ўйин олдидан катта имтиҳон турибди. Жамоа асосий рақибларидан бирига қарши асосий таркибнинг бир йўла тўрт футболчисидан фойдалана олмайди. Эмиль Форсберг дисквалификация туфайли учинчи учрашувни ўтказиб юборади. Тимо Вернер, Марсель Забитцер ва Диего Демме эса жароҳати сабаб бу учрашувни ўтказиб юборади. Мавсумни ўта кўтаринки руҳда ўтказаётган жамоа чемпионатда ҳали бу қадар кўп йўқотишларга дуч келмаганди. «Боруссия»да эса жароҳат ёки дисквалификация бўйича муаммолар йўқ. Фақат сўнгги кунларда жамоа ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгнинг клубни тарк этиш ҳақидаги баёноти бироз бўлсада ички муҳитнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Монако – Ницца (4 февраль, 21:00, Матч! Футбол 2)
Кетма-кет иккини турдирки, «Монако» чемпионлик учун курашаётган жамоага қарши майдонга тушмоқда. Ўтган турда жамоа сўнгги дақиқаларда гол киритиб «ПСЖ»дан очко тортиб олишни уддалаган бўлса, бу гал энди «Ницца»га қарши ишда ғалаба қозонишга уриниб кўради. Ҳозирча иккала жамоа ҳам бир хилда (49) очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида 1-2 ўринларни бўлишиб туришибди.
Биринчи даврадаги учрашувда бироз кутилмаган тарзда «Ницца» 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўшанда Марио Балотелли ўйин қаҳрамонларидан бирига айланиб, дубль муаллифи бўлганди. Монегасклар бу мағлубият аламини олиш ва яна турнир жадвалининг якка пешқадами бўлиб олиш учун яқин турибди. Сабаби жамоа ўз уйида ўтказган сўнгги 19 учрашувининг 16тасида ғалаба қозонган ва жами бўлиб 56та гол киритган.
Учрашувда иккала жамоа ҳам оптимал таркибда майдонга тушиши кутилмоқда. Бу бизни олдинда ажойиб учрашув кутиб турганини англатади.
Барселона – Атлетик (4 февраль, 20:15, UzReport)
Жорий мавсумнинг ўзида бу икки жамоа уч марта ўйнашга улгуришди. Чемпионатда «Барселона» кичик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, Испания кубогидаги учрашувда жамоалар ўзаро биттадан ғалаба алмашишган. Аммо иккинчи ўйин натижасига кўра, «Барса» (3:1, 1:2) кейинги босқич масаласини ҳал қилганди.
Иккала жамоанинг чемпионатдаги ўйинларига тўхталадиган бўлсак, «Атлетик» сўнгги марта 2013 йилнинг декабрида ғалаба қозонганди. Унгача эса жамоа фақатгина 2006 йилда «Барселона»дан устун келган. Умуман олганда сўнгги 32 учрашувнинг фақатгина 2та учрашувдагина Бильбаоликлар ғалаба нашидасиини суришган. «Атлетик» сўнгги марта «Камп Ноу»да 1994 йилдагина ғалаба қозонган.
Сўнгги тур учрашувида каталонияликлар «Бетис» уйида очко йўқотишди. Ҳакамлик борасида яхшигина можарога сабаб бўлган ўйин «Барселона»ни асосий рақиби «Реал»дан янада ортда қолиб кетишига сабаб бўлиб турибди. Аммо жамоанинг кубокдаги ишлари жойида. Ҳафта ўртасида Энрике жамоаси «Атлетико» Мадрид уйида ғалаба билан қайтиб финал йўлланмасига жуда яқин келиб қолди. «Атлетик» эса Испания чемпионати доирасидаги сўнгги бешта учрашувда мағлубият нималигини билмай келмоқда. Охирги турда жамоа Хихоннинг «Спортинг» клубини мағлубиятга учратганди.
Ювентус – Интер (6 февралга ўтар кечаси, 00:45, Матч ТВ)
Италия А сериясидаги сўнгги 7, барча турнирларда эса жами 9та учрашувда кетма-кет ғалабаларни қўлга киритган «Интер», бу мавсумда ҳам чемпионлик учун асосий даъвогар бўлиб турган «Ювентус» уйига сафар уюштиради.
Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида «Интер» ҳозиргидек ажойиб формага кирмаган бўлсада, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишни уддалаганди. «Интер» сўнгги марта «Ювентус» уйида 2012 йилнинг ноябрида ғалаба қозонган. Ундан кейинги тўртта ўйиндан эса фақат бир мартасида жамоа дуранг ўйнай олган холос. Жамоаларнинг барча умумий натижаларига қарайдиган бўлсак, бу ерда ҳам устунлик туринликлар томонида эканини кўришимиз мумкин. 177 учрашувнинг 81тасида «Ювентус», 51тасида эса «Интер» ғалаба қозонган. 45 учрашувда ғолиб жамоа номи аниқланмаган.
«Ювентус» мавсумни барқарор ўтказишда давом этмоқда. «Фиорентина»дан учралган мағлубиятга қарамай, ўтган турда жамоа «Сассуоло» уйида ишончли ғалабани (2:0) қўлга киритди ва барча таъқибчиларининг очко йўқотиши эвазига улар билан орадаги фарқни оширишга муваффақ бўлди. Ҳозирда туринликлар битта учрашув кам ўтказган ҳолда, энг яқин таъқибчиси «Рома»ни 4 очкога ортда қолдирмоқда.
«Интер» эса юқорида эслаб ўтганимиздек, А серияда кетма-кет етти учрашувда ғалаба қозонди ва 4-ўринга қадар кўтарилиб олди. Ҳафта ўртасида жамоа Италия кубогида «Лацио»га имкониятни бой бериб қўйди ва барча мусобақалардаги 9 учрашувдан иборат ғалабали сериясига якун ясади. «Интер» жамоа билан орадаги фарқ янада ошиб кетмаслиги учун Туринда ғалаба билан қайтиши керак бўлади.
Шунингдек...
Бу ҳафтада қизиқарли ўтиши мумкин бўлган яна бир қатор учрашувларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Испания чемпионатида «Сельта» - «Реал» ўзаро ҳисоб-китоб қилади. Испания кубогининг чорак финалида айнан виголиклар Зидан жамоасини мусобақадан чиқариб юборгани ҳам бу учрашувга бўлган қизиқишни орттирмоқда. Шунингдек «Севилья» - «Вилльярреал» учрашуви ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Францияда эса «Сент-Этьен» ва «Лион» жамоалари ўртасидаги энг машҳур дербилардан бири бўлиб ўтиши лозим. Италияда эса, «Рома» - «Фиорентина» тўқнашуви еврокубоклар учун кураш олиб бораётган жамоалар ўртасида яхши футбол бўлишига ишора қилмоқда. Умуман ҳафта якунида футбол мухлислари зерикиб қолишига сабаб бўлмайди.
Мавзуга оид
12:52 / 27.10.2024
«Барса» «Реал»ни яксон этди, Ҳоландни тўхтатиб бўлмаяпти. Кун ўйинлари
12:39 / 24.10.2024
«Барса» қасос олди, Ҳоланддан космик гол. ЕЧЛда кун ўйинлари
13:56 / 21.10.2024
Гвардиолада тўпурар ҳимоячилар, «Барса» рақибларга даҳшат солмоқда. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024