09:03 / 08.02.2017
16841

«Барселона» - «Атлетико»: 3та қизил карточка ва икки гол бўлган учрашув якунида каталонияликлар финалга чиқди

Испания Кубоги ярим финали доирасида дастлабки жавоб учрашуви бўлиб ўтди. «Камп Ноу»да ўтказилган учрашувда «Барселона» «Атлетико»ни қабул қилди. Бу баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.  

Учрашувнинг 1-бўлими якунлаётганда «Атлетико» дарвозабони жарима майдони чизиғидан тепилган тўпни тўғри Луис Суарес оёғи остига қайтарди, у эса бўш дарвозага тўпни йўллашда адашмади. 57-дақиқада Серхи Роберто қўпол ўйини учун иккинчи сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди.

2-бўлим ўрталарида ҳакам таркибларни тенглаштирди: «Атлетико» вакили Янник Феррейра-Карраско рақибининг оёғига зарба бериб, уни йиқитди ва иккинчи сариқ карточкасини олди. 80-дақиқада Херард Пике ўз жарима майдонида Кевин Гамейрога қўполлик ишлатди ва 11-метрлик жарима тўпига сабабчи бўлди. Жарима зарбасини жабрдийданинг ўзи амалга оширди, бироқ тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.

83-дақиқада Гамейро ўз хатосини тўғирлади, у Антуан Гризманнинг жарима майдони ташқарисидан оширган узатмасидан кейин тўпни тўғри рақиб дарвозасига жойлади. Ўйин якунланиши арафасида Суарес рақибидан ўзиб кетмоқчи бўлиб, тирсаги билан унинг бошига тегди ва иккинчи сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди.

Ўйинда 1:1 ҳисоби сақланиб қолди ва Мадридда кечган биринчи учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қилган каталонияликлар жамоаси икки учрашув натижасига кўра финалга йўл олди.

Луис Энрикенинг финалдаги рақиби «Алавес» ва «Сельта» жуфтлиги ғолиби бўлади. Бу жамоалар ўртасидаги биринчи учрашувда ҳисоб очилмаган - 0:0.

Испания кубоги, ярим финал, жавоб ўйини
Барселона – Атлетико 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 43 Суарес, 1:1 – 83 Гамейро. 
Барселона – Силлессен, Умтити, Пике, Альба, Денис Суарес (Маскерано, 62), Сержи Роберто, Андре Гомеш, Ракитич (Иньеста, 72), Туран (Бускетс, 70), Месси, Луис Суарес.
Атлетико – Мойя, Савич, Филипе Луис, Хуанфран, Годин (Люка Эрнандес, 49), Сауль, Коке, Гайтан (Корреа, 48), Феррейра Карраско, Гризманн, Торрес (Гамейро, 61).
Огоҳлантиришлар: Сержи Роберто (19), Феррейра Карраско (36), Ракитич (66), Силлессен (76), Савич (76), Суарес (87), Филипе Луис (90), Бускетс (90).
Четлатишлар: Сержи Роберто (57), Феррейра Карраско (69), Луис Суарес (90).

Top