Жаҳон | 20:14 / 08.02.2017
7680
2 дақиқада ўқилади

ИШИД Кобулда содир этилган ва 22 кишини ҳаётдан олиб кетган теракт учун жавобгарликни зиммасига олди

ИШИД 7 февраль куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида содир этилган теракт учун жавобгарликни зиммасига олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Олий суд биноси олдида худкуш террорчи томонидан содир этилган портлаш оқибатида 22 киши ҳалок бўлганди. Яна 100дан ортиқ киши жабрланганди.

Суд ходимлари автобусга чиқаётган вақтда автотураргоҳдаги террорчи ўзини портлатиб юборган.

6 февраль куни БМТ Афғонистонда 2016 йили 11,5 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақида маълум қилганди. 

БМТнинг Афғонистонга кўмак миссияси маълумотига кўра, ўтган йили 3498 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 7920 киши жароҳатланган. Қурбонлар сони 2015 йилга нисбатан 2 фоизга камайган, жароҳатланганлар сони эса 6 фоизга ошган. 

Можаро туфайли жабрланган афғонистонлик болалар сони 2016 йилда 24 фоизга кўпайган ва 3,5 минг кишини ташкил этган. Уларнинг ярми жангарилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанговар ҳаракатлар, қолган ярми эса бомбалар ва бошқа портлашлар туфайли қурбони бўлган. 

Ҳисоботда Афғонистонда 2016 йили ИШИД фаолияти туфайли ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳоли сони 2015 йилга нисбатан 10 баробар кўпайгани қайд этилган.

Мавзуга оид