10:21 / 08.02.2017
15111

Тошкент шаҳрида ўз ўғлини 2.500 долларга сотиб юбормоқчи бўлган аёл 5 йилга қамалди

Зулхумор (исм-шарифлар ўзгартирилган) ширин орзулар билан турмуш қурганди. Афсуски, битта фарзандли бўлгач, у турмушнинг муштларига чидай олмай ажрашиб, отасининг уйига кўзида ёш билан қайтиб келди, деб ёзади “Адолат кўзгуси” газетаси.

Бир амаллаб фарзандини ота-онасининг кўмаги билан тарбиялай бошлади. Афсуски, бирор жойга кириб ишлай, деса қўлида на дипломи, на бир ҳунари бор эди. Шунинг учун саккиз ёшли ўғли Акромни ота-онасига ташлаб, ўзи Тошкентга иш излаб келди. Сарсон-саргардонликлардан сўнг бир амаллаб иш ҳам, бошпана ҳам топди.

Шундай кунларнинг бирида у хоразмлик Мусурмон деган йигит билан танишиб қолди. Уларнинг дўстлиги бора-бора севгига айланди.

Шундан сўнг улар шаръий никоҳдан ўтишиб, биргаликда яшай бошлашди. Кўп вақт ўтмай Зулхумор ҳомиладор бўлди. Ниҳоят фарзанд ҳам дунёга келди. Унга Мардонбек деб исм қўйишди. Барча келишмовчиликлар шу фарзанд туғилганидан сўнг бошланди. Энди Мусурмон ишдан қайтганидан сўнг турмуш ўртоғига “Менга эътибор қилмаяпсан! Сенга фақат бола бўлса, бўлди, кийимларим вақтида дазмолланмаган, овқат вақтида пишмайди!”, дея жанжал қиладиган одат чиқарди. Кейин эса Зулхуморни камситиб, ҳақоратлаб, уриб дўппослайдиган бўлди. У оилани сақлаб қолиш ўрнига қайнотасига қўнғироқ қилиб, қизи билан ортиқ яшай олмаслигини, уни олиб кетишини айтди.

Эгамберган ота дарҳол Хоразмдан Тошкентга келиб, қизи ва набирасини уйга олиб қайтди. Ҳаш-паш дегунча Мардонбек икки ёшдан ошди. Зулхумор нима қилиб бўлсада, тезроқ отасининг уйини тарк этишни, ўзи алоҳида яшашни истарди. Ўйлаб-ўйлаб, танишларига айтиб, ўз боласини сотишга қарор қилди. Пойтахтда яшайдиган таниши Фотимага қўнғироқ қилиб, фарзанди Мардонбекни парвариш қилишга пули йўқлигини, жудаям қийналаётганини, яхши оила бўлса, ўғлини сотиб юбормоқчилигини, унинг пулига Тошкент шаҳрининг чеккасидан бўлсада, ўзига бир хоналик уй сотиб олиб, яшамоқчилигини айтди. Фотима унга ёрдам бериш учун дарҳол таниши Шарофатга бу ҳақда гапириб бериб, унинг телефон рақамини ҳам берди.

Эртаси куни Шарофат Зулхуморга қўнғироқ қилиб, унинг фарзандини ўзи сотиб олмоқчи эканлигини айтиб, учрашув жойини келишиб олишди.

Май ойининг охирларида она-болани Шарофат Тошкентда кутиб олиб, бир хонадонга олиб бориб, жойлаштирди. Бола масаласида яна узоқ гаплашишди. Зулхумор боласини 2.500 АҚШ долларига сотмоқчи эканлигини ҳам айтиб ўтди. Шарофат ҳам бу нархга рози бўлиб, у билан хайрлашди.

Эртаси куни у ИИВга бориб, у ердаги тезкор ходимларга бўлган воқеани гапириб, Зулхуморнинг бу қилаётган иши қонунга хилоф эканлигини таъкидлади.

ИИВ ходимлари унга 2.500 АҚШ доллар муляж пулларини ва диктофонни беришиб, нима қилишини лозимлигини тушунтиришди.

Шу куни соат 14:00да у Зулхумор билан Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган “Бухоро” кафесида учрашди. Шарофат Зулхумордан паспорт нусхасининг орқа томонига унга сотган фарзанди учун кейинчалик даъво қилмаслиги ва қайтариб олмаслиги ҳақида ўз хоҳиши билан тилхат ёздириб олди. Сўнгра келишувга биноан Зулхуморга боласи учун 2.500 АҚШ долларини берди. Аёл пулларни қўлидаги қизил рангли сумкасига солди-да, ҳеч нарсага тушунмасдан мўлтираб турган боласининг пешонасидан ўпиб хайрлашди. Бироқ унинг йўлини ИИВ ходимлари тўсишди. 

Суд Зулхумор Абдулботировани ЖКнинг 135-моддасининг 3-қисми “а” банди билан айбдор, деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Top