Ўзбекистон | 10:25
924
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича ДХШ битими имзоланди

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида пойтахтнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва кейинчалик эксплуатация қилиш бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) битими имзоланди. Йирик инфратузилма лойиҳаси доирасида 2030 йилгача замонавий авиация ҳаби барпо этилиши режалаштирилган.

Фото: Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airports АЖ ҳамда Саудия Арабистонининг Vision Invest компанияси бошчилигидаги, таркибига Япониянинг Sojitz Corporation ва Корея Республикасининг Incheon International Airport Corporation компаниялари кирувчи халқаро консорциум ўртасида Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик келишуви имзоланди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари талабларига мувофиқ экологик ва ижтимоий баҳолаш ишлари ўтказилди. Шунингдек, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, бўлажак аэропорт ҳудудини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлон Умархўжаевнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакат президенти ташаббуси билан ҳукумат, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган.

Унинг сўзларига кўра, янги халқаро аэропорт келгуси ўн йилликларда йўловчи ва юк ташишга бўлган талабни қондирувчи замонавий технологик авиация марказига айланади. Шу билан бирга, лойиҳа орқали Ўзбекистон халқаро даражадаги аэропортларни лойиҳалаш, қуриш ва бошқариш бўйича илғор тажриба ҳамда технологияларни жалб этади.

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, янги аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, умумий майдони 1310 гектар бўлган ер майдонида қурилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бири 4 километр узунликка эга бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги, 208 минг квадрат метр майдонли йўловчи терминали, ҳаво кемалари учун 98 та тўхташ жойи, ёнилғи қуйиш мажмуаси ҳамда замонавий диспетчерлик минораси барпо этилади.

2030 йил охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган аэропорт йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 300 минг тоннагача юк қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Имзоланган битимга мувофиқ, хусусий шериклар консорциуми йўловчи терминали ва вокзал атрофи инфратузилмасини қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун масъул бўлади. Давлат шериги эса аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш вазифасини ўз зиммасига олади.

Тасдиқланган жадвалга кўра, жорий йилнинг июн ойида муҳандислик тармоқларини кўчириш ишларини бошлаш, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ва босқичма-босқич қурилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, янги халқаро аэропорт мамлакатнинг шаклланаётган транспорт-логистика тизимининг муҳим бўғинига айланиб, халқаро авиақатновлар, савдо ва туризм ривожига қўшимча туртки беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид