BCG томонидан тайёрланган тадқиқотда дунёнинг турли шаҳарлари иқтисодий имкониятлар, яшаш сифати, ижтимоий капитал, давлат бошқаруви билан ўзаро муносабатлар ҳамда ўзгаришларга мослашиш суръати каби мезонлар асосида баҳоланган.

Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент “ўзгариш суръати” йўналишида Хитойнинг Шенчжен шаҳри ва Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддан кейинги юқори поғонани эгаллаган. Бу эса сўнгги йилларда шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари халқаро даражада ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.

Тадқиқот муаллифлари Тошкентнинг юқори натижаларини аввало иқтисодий фаолликнинг ўсиши, янги имкониятларнинг пайдо бўлиши ҳамда давлат хизматларининг рақамлаштирилиши билан изоҳлаган. Шунингдек, аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги мулоқот механизмларининг такомиллашиб бораётгани ҳам муҳим омил сифатида қайд этилган.

Сўнгги йилларда Тошкентда транспорт инфратузилмасини янгилаш, янги турар жой массивлари ва жамоат ҳудудларини барпо этиш, рақамли давлат хизматларини кенг жорий қилиш ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мутахассислар фикрича, халқаро рейтингларда қайд этилаётган бундай натижалар Тошкентнинг минтақадаги иқтисодий ва шаҳарсозлик марказларидан бири сифатидаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.