23:06 / 10.02.2017
23095

Ўзбекистонга дори воситаларини ноқонуний олиб кираётган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди

Пойтахтлик Г.Усмонова Деҳлидан қайтаётиб, Тошкент аэропортида тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 390 дона кўз учун мўлжалланган дори воситаларини яширинча олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда “Тошкент Аэро” ИБК Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Истамбулдан қайтган фуқаролар А.Умиров, У.Хамидова, Л.Атоев, Х.Ягмуров, шунингдек, Деҳлидан учиб келган А.Тургуновлар ҳам дори воситаларини яширин равишда божхона чегараларидан олиб ўтишга уринган пайтда фош қилинди. Ушбу қонунубузарлик ҳолатларида улар томонидан жами қиймати 4 млн. сўмдан ортиқ бўлган 405 дона дори воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.  

Туркиядаги сафарини якунлаб, Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролардан бири В.Содиқ 37 дона стоматология пломбаларни олиб киришга уринганда қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан “Москва-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган А.Тухтаевга (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли багаж божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, 150 дона сунъий эшитиш мосламаларини божхона назоратидан яширин равишда олиб киришга урингани фош бўлди.

Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида, ушбу шахс қиймати салкам 153 млн. сўмлик мазкур тиббий буюмларни уларнинг ўрамларисиз олиб киришга ҳаракат қилган. Шу боисдан ҳам дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бўйича мутахассислар мазкур сунъий эшитиш мосламаларини Ўзбекистон Республикасида қайд этилган дори воситалари ва тиббий буюмлар Давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида маълумот бериш ҳамда таҳлил ишлари олиб бориш имкони йўқ деган тўхтамга келишди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган 2016 йилда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 130 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида  қиймати  2,4 млрд сўмдан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмларнинг яширин олиб ўтилишига чек қўйилди.

Top