Жаҳон | 22:17 / 20.02.2017
13783
2 дақиқада ўқилади

Эрдўғанга суиқасд қилганлар устидан суд жараёни бошланди

Туркиянинг Муғла шаҳрида ўтган йилнинг 15 июлида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳаётига суиқасд қилган 44 нафар исёнчи устидан суд жараёни бошланди.

Суиқасд вақтида ушбу гуруҳга қаршилик қилиш чоғида 2 нафар полициячи ҳалок бўлганди.

Биринчи тинглов Муғладаги Савдо-саноат палатаси конференция залида бўлиб ўтади, судланувчиларнинг иши шаҳар оғир жиноий ҳолатлар бўйича судда кўриб чиқилади. Туманда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Суд залига судланувчиларнинг қариндошлари ва оқловчилари киритилади.

Ушбу иш бўйича Гуленнинг 47 тарафдорига айблов эълон қилинган, 3 киши ҳамон қидирувда. Жумладан, Фатҳуллоҳ Гулен. У айни вақтда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилади.

Прокуратура ҳар бир айбланувчи учун камида 6та умрбод қамоқ жазосига тенг муддат сўрамоқда.   

Туркия Қуролли кучларининг бир гуруҳ ҳарбийлари 2016 йилнинг 15 июлидан 16 июлига ўтар кечаси қуролли ҳаракатлар эвазига давлат тўнтариши амалга оширишга уринди. Исёнчиларнинг ҳаракати фуқаролар кўчаларга ҳукуматни ҳимоя қилиб чиқиши туфайли муваффақиятсиз якунланди. Тартибсизликлар вақтида тинч аҳолининг 240 нафардан ортиқ вакили ҳалок бўлди, исёнчиларнинг йўқотишлари ҳисобланмади.

Мавзуга оид