20:17 / 23.02.2017
11705

Россия халқ артисти ҳаётдан кўз юмди

Россия халқ артисти, театр ва кино актёри Алексей Петренко 78 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида Россия кинематографчилар иттифоқи сайтида хабар берилди. 

"2017 йилнинг 22 февраль куни атоқли рус актёри Алексей Петренко вафот этди... Россия кинематографчилар иттифоқи атоқли актёр Алексей Васильевич Петренконинг яқинлари ва қариндош-уруғлари билан бирга чуқур қайғуда. Алексей Васильевичнинг ҳамкасблари унинг яқинларига самимий ҳамдардлик билдиради", - дейилади хабарда. 

Петренко Украинада, Черниговский вилоятида туғилган. У 1961 йилда Харьков театр институтини тугаллаган. 1964-1978 йилларда Ленинград театри, 1978 йилдан кейин эса МХАТ саҳнасида турли ролларни ижро этган. 

РФ халқ артисти кино оламида 80га яқин қаҳрамонни гавдалантирган. Унинг «Жестокий романс» ("Бешафқат романс"), «Узник замка Иф» ("Иф қалъаси асири"), «Агония» ("Ўлим талвасаси"), «Похороните меня за плинтусом» ("Мени плинтус ортига кўминг") ва  «Двадцать дней без войны» ("Йигирма кун урушсиз") картиналари кенг оммага танилган. 

Алексей Петренко 2010 йилнинг 23 ноябрида Тошкент шаҳрида Азина Расуловна исмли аёлга уйланган. Ўшанда актёр 72 ёшда бўлган. 

Top