14:50 / 24.02.2017
13505

Одам савдоси билан шуғулланган фарғоналик қўлга олинди

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида яшовчи Даврон Чориев, Маъмур Отаев, Рафиқ Холдоров, Мўмин Жиянов, Суннат Тоғаев, Одил Эгамов ҳамда Равшан Тўлқиновлар (исм-шарифлари ўзгартирилди) туппа-тузук ҳунар эгаси бўлишса-да, борига шукр қилмай мўмай даромад топишни хоҳлаб қолишади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

- Интернет орқали зўр иш топиб, телефон рақамини ҳам ёзиб олдим, - деди бир куни йигитларни ёнига чорлаган М.Отаев. – Қўшни республикада катта кўламда қурилиш ишлари бошланибди. Иш берувчи – Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан Абдулла Норқулов экан. У билан телефон орқали гаплашдим. “Келишни хоҳласангиз тезроқ ҳаракат қилинглар. Бу ерда ҳеч қийналмайсиз, барча шароит бор. Йўл харажатлари эса қурилиш ташкилоти ҳисобидан тўланади”, деб айтди.

Маъмурнинг гапини эшитган йигитлар бир зумда бажариб турган юмушларини ҳам охирига етказмасдан йўл тадоригига тушишди. Ниҳоят, белгиланган вақт улар А.Норқулов билан учрашиб, ноқонуний йўллар орқали қўшни давлатга ўтиб олишди.

Ваъда қилинган қурилиш ташкилотига боргач эса, мутлақо бошқача манзарани кўришди. А.Норқулов тақир чўлда қум босиб ташландиқ бўлиб ётган вагонда йигитларни қолдириб, “ҳозир келаман” деб қаергадир кетди ва бир соатлардан сўнг Дима исмли кишини бошлаб келди.

- Бу киши иш берувчи, унинг айтганларини сўзсиз бажарсангиз, ҳар ойда 300 АҚШ доллари миқдорида маош оласиз. Ҳозирча, мана шу вагонда яшаб турасизлар, - деб уларнинг фуқаролик паспортларини йиғиштириб олди ва ўн кундан кейин келишини айтиб кўздан ғойиб бўлди.

Шу алфозда улар анча вақтгача қурилиш ишлари билан шуғулланишди. Ваъда қилинган маошдан эса дарак йўқ. Бир куни чарчоқ босиб ухлаб қолган йигитлар ярим тундаги ғала-ғовурдан уйғониб кетишди. Қарашса, вагон эшиги олдида А.Норқулов яна икки нафар бегона йигит билан турарди. Уни кўриб, энди иш ҳақимиз ва паспортимизни олсак керак, деб ўйлаган йигитларнинг қувончи узоққа чўзилмади.

- Мана, туманингиздан яна икки кишини олиб келдим. Уларга шарт-шароитларни тушунтиринг. Яхши ишласаларингиз уч-тўрт кун оралиғида пулларингизни оласизлар, ўзим ҳам шу ерда бўламан, - деб яна жуфтакни ростлади у.

Кунлар шу зайлда ўтиб борар, иш кўлами тобора оғирлашаётганди. Очликдан силласи қуриган йигитларга оғир меҳнат камлик қилгандай иш берувчи ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлар, калтаклар эди. Бундай қийноқларга бардош беролмаган йигитлар бир куни тунда Диманинг йўқлигидан фойдаланиб, таваккал қилиб йўлга чиқишди. Гоҳ пиёда, гоҳ дуч келган транспортга чиқиб, амаллаб уйларига кириб келишди. Соғлиғини йўқотган, паспортидан айрилган ва энг муҳими, ёлғон ваъдалар туфайли одам савдоси қурбонига айланганидан пушаймон бўлган йигитлар Мингбулоқ ИИБга мурожаат этишди.

Изқуварлар учун А.Норқуловни топиш осон бўлмади. Одамларни алдаш йўли орқали мўмай даромад орттиришга муккасидан кетган бу жиноятчи жуда пихини ёрган кимса эди. Ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида у яна бир неча ўзбекистонликларни алдаб, одам савдоси билан шуғулланаётган вақтда қўлга олинди ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилди.

Top