Жамият | 23:18 / 27.02.2017
17711
2 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳрида “улоқ-кўпкари” бўйича йирик мусобақа ўтказилди

Наманган шаҳридаги “Отчопар” ўйингоҳида миллий халқ ўйинларидан саналган “улоқ-кўпкари” бўйича мусобақа ўтказилди. Оммавий халқ сайлида мезбонлар вакилларидан ташқари Андижон, Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва қўшни Қозоғистон Республикасидан келган уч юздан зиёд моҳир чавандоз иштирок этди.

Улоқ байрамининг тантанали очилишида унинг ташкилотчиси, 83 ёшли меҳнат фахрийси Йўлдошхон ота Саломов сўзга чиқиб, ўзбек халқининг қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналари сирасига кирадиган улоқ-кўпкари йигитларни мардлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистон Президентининг яқинда Қашқадарёга қилган ташрифи чоғида от спортини ривожлантириш, зотдор тулпор наслини кўпайтиришга эътибор қаратиш вазифа сифатида белгилаб берилганлигини қайд этди.

Оммавий улоқ баҳсларида Тўрақўрғон туманидан Карим, Ҳусниддин, Достон, Улуғбек полвонлар, Қўқон шаҳридан Беҳзод чавандоз, Марғилондан Ориф полвон, Қаршидан Фахри полвон, Андижондан Ислом чавандоз, Самарқанддан Дилшод полвонлар энг кўп маррани олиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлдилар.

Катта байрам, сайилга айланган “Улоқ-кўпкари” беллашувларида ғолиб чиққан ботир чавандозлар кубок, медаллар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
журналист.

Мавзуга оид