Light | 18:19 / 28.02.2017
35399
6 дақиқада ўқилади

Афсонами ёки ҳақиқат: Тарихчилар мавжудлигига шубҳа қилувчи 10 машҳур шахс

Бирор шахс ҳақида асарлар ёзилса, улар асосида фильмлар суратга олиниб, машҳур бўлиб кетса, кўпчилик аслида шундай одам мавжуд бўлган деган хаёлга боради. Шундай қилинса, ишончли кўринади ва асар харидоргир бўлади. Шу боис биз Чингизхон ёки Ҳитлернинг аслида мавжуд бўлгани борасида шубҳа қилмаймиз. Бироқ шундай кишилар борки, уларнинг машҳурлиги бу (изини ҳам топишга муваффақ бўлинмаган) икки шахсникидан қолишмайди. "Ундай бўлса, улар ким?" деган ўринли савол пайдо бўлади. Тарғибот орқали сингдирилган шахсларми ёки қаҳрамонликка чорловчи персонажларми - буниси ўзингизга ҳавола.

 

Сэм Амаки

Ватанпарварликнинг йиғма образи, маълум бўлишича, ҳеч қандай асосга эга эмас. Ҳа, Сэм амаки ҳеч қачон мавжуд бўлмаган. Гап шундаки, Uncle Sam (Сэм Амаки) сўзларидаги биринчи ҳарфлар шунчаки United States (Қўшма Штатлар) маъносини англатади. Шундай қилиб, Биринчи жаҳон уруши даврида Американинг тарғибот плакатларида йиғма образ тасвирланган. Сэм Амакининг фақат юзи шахсий муаллиф - Америка тимсоли сифатида ўзини акс эттирган карикатурачи Флэгдан олинган.

 

Ҳомер

Юнон шоири Ҳомер "Илиада" ва "Одиссея" мухлислари учун ҳақиқатда мавжуд бўлган шахс. Уни одатда Хиос оролида яшаган кўзи ожиз шахс сифатида тасвирлашади, бироқ турли экспертларнинг кўрсатишича, у жисмоний жиҳатдан муаллифлиги бириктирилаётган шеърларни ёзиши мумкин эмасди. Шу боис кўплаб номаълум шоирлар ва ёзувчилар яратган асарлар муаллифлиги учун Ҳомер ўйлаб топилган персонаж эканлиги эҳтимолга яқинроқ.

 

Робин Гуд

Бадавлат кишиларни тунаб, камбағалларга пул улашувчи "қаҳрамонлар" бўлганмикан? Жавоб "йўқ" бўлса-да, одамлар қачонлардир шундай инсон бўлганлиги ва унинг одамларга яхшилик қилганлигига ишонгиси келади. Бироқ тарихчилар - қатъий шахслар. Улар заррача шубҳасиз Робин Гуднинг аслида мавжуд бўлмаганини исботлашга уринишди. XII асрда ҳақиқатда Robehod атамаси бўлган, бироқ бу сўзни барча қароқчиларга нисбатан қўллашган. Афтидан гўзал афсона ҳам шу тажрибага таянган.

 

Қирол Артур ва Айлана Стол рицарлари

Британия монархлари ҳақида кинематографик ҳикоялар кўп. Уларнинг барчаси ҳақиқатдек туюлади, Британия монархияси ўз тарихининг узлуксизлигини таъминлаб келувчи мамлакат, ахир.  Бироқ бу афсоналарнинг энг севимли қаҳрамони - қирол Артур ва унинг Айлана Стол рицарлари ҳамда Ланселот - афсонадан бошқа ҳеч нарса эмас. Тарихчилар асрлар давомида бу афсонанинг ҳақиқат эканлигига ишора қилувчи ҳеч бўлмаганда битта тарихий асос топишга ҳаракат қилишди. Бироқ бунинг уддасидан чиқишмади ва шу билан қидирувлар тўхтатилди.

 

Вильгельм Телль

Швейцариянинг ҳуқуқ ва эркинлик курашчиси Вильгельм Теллни кўпчилик Шиллер ва Россинининг асарлари орқали танийди. Унинг қаҳрамонликлари тилларда достон бўлган. Телль Германия императори ўғлининг бошига қўйилган олмани арбалетдан пойлаган. Ўткир мерганнинг мавжудлигига оғзаки маълумотлардан бошқа далиллар йўқ. Бироқ афсона тафсилотлари рамзий анъаналарга ҳаддан зиёд мос келади. Бу эса барчасининг бошидан охиригача ўйлаб топилганини билдиради.

 

Шерлок Холмс

Сэр Артур Конан Дойлнинг асарлари дунёнинг барча бурчакларида жуда машҳур бўлган пайтларда, ўн йиллар давомида бу китоблардаги қаҳрамонларнинг ҳаётда реал прототипи бўлган деган фикр юрарди. Кўпчилик ҳаттоки шундай инсон бўлгани ва Виктория даврида сирли ишлар билан шуғулланганини исботлашга ҳаракат қиларди. Аслида эса, бу тўлиқ ўйлаб топилган персонаж бўлган.

 

Уильям Шекспир

Шекспирнинг мавжудлигига исботлар бу номнинг тарихий ҳужжатларда қайд этилишига бориб тақалади. Бироқ кўп адабиётшуносларнинг ишонч билан таъкидлашича, драматургнинг муаллифлиги қайд этилган барча пьесаларни бир киши ёзган бўлиши мумкин эмас. Шу боис Шекспир - бу асарлар муаллифларининг йиғма тахаллуси дея тахмин қилиш эҳтимолга яқинроқ. Боз устига Шекспирнинг номи қайд этилган ҳужжатларда унинг исми турлича ёзилган. Шуниси қизиқки, Шекспирни кўрган ёки у билан ёзишган бирор ишончли тарихий гувоҳ бўлмаган.

 

Қирол Сулаймон

Қирол Сулаймон ўз даври ҳамда қадимий даврнинг энг бадавлат кишиси сифатида тарихга кирган. Бироқ тарихчилар ва археологлар унинг аслида бўлган ё бўлмагани борасида баҳслашишда давом этишмоқда. Унинг фойдасига ҳал бўладиган ягона исбот Қуръон ва Инжил матнларига боғлиқ. Улар эса, ўз навбатида баъзи доираларда ишончли ҳужжат ҳисобланади.

 

Чавандоз Мальборо

Америкалик Мальборо маълум бир даврда барчанинг севимли қаҳрамонига айланган ва ҳатто баъзиларни ёмон одатлар сари етаклаган. 1950-йилларда АҚШда ва 1990-йилларда Россияда шундай кўркам йигитнинг ҳақиқий эмаслиги ҳеч кимнинг хаёлга ҳам келмаган. Ҳақиқат шунда эдики, бундай образ ғаразли мақсадларда қўлланган. Тамаки фабрикалари фильтрли сигаретларни тарғиб қилиши керак бўлган, у пайтлар эса бундай сигаретларни чекиш фақат аёлларга хос эди. Чавандоз Мальборо - бундай сигаретларни омма олдида чекишдан ор қилмаган биринчи эркак киши бўлган. Ўйлаб топилган бўлса-да, севимли қаҳрамон кетидан қолганлар ҳам эргашган.

 

Пифагор

Барчамиз Пифагор ҳақида мактабдаги математика дарсликларидан маълумот олганмиз ва ҳали-ҳануз бу юнон мутафаккирининг ҳақиқатда бўлганига ишонамиз. Аслида эса у математик эмас, рақамли сеҳргарлик билан шуғулланган. У ҳақида фақат душманларининг фикрлари етиб келган, улар Пифагорни ноанъанавий культ учун танқид қилишган. Бироқ Пифагорнинг барча математик ютуқлари бизгача унинг ҳақиқийлигига шубҳа уйғотадиган фантастик тафсилотлар билан бирга бошқа одамлар орқали етиб келган.

Мавзуга оид