Жаҳон | 15:27 / 28.02.2017
5520
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти полицияни бангиларга қарши курашга қайтарди

Филиппин президенти Родриго Дутертенинг баёнот беришича, у мамлакат полициясини гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишга қайтадан жалб қилишга мажбур. Қарийб бир ой аввал, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу курашни тўхтатган эди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги.

Филиппин етакчисининг аниқлик киритишича, барча полиция идоралари бу иш билан шуғулланмайди. Шу билан бирга, у бошқа тафсилотларни маълум қилмаган. 

27 февраль куни Филиппин миллий полицияси раҳбари Рональд дела Роса берган баёнотга кўра, сўнгги бир неча ҳафтада мамлакат кўчаларида яна гиёҳванд моддаларни тарқатиш бошланган. Шунга биноан, полициячилар ушбу иллатга қарши курашга тайёр. 

Аввалроқ, Филиппин ҳукумати полициянинг гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашувчи бўлими тугатилиши ҳақида маълум қилган эди. Бунга ваколатлар суиистеъмол қилинганига доир далиллар топилгани сабаб бўлганди. Бироқ, президент Дутерте нашавандлар ҳамда гиёҳванд моддаларни тарқатувчиларга қарши кенг қамровли курашни давом эттиришини таъкидлаганди. 

БМТ маълумотларига кўра, Дутертенинг 2016 йил 30 июнида ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор 6 мингдан ортиқ одам ўлдирилган. 

Мавзуга оид