Жаҳон | 19:58 / 01.03.2017
21857
3 дақиқада ўқилади

Бишкекда қулаган самолётдаги юк Қирғизистон президентига тегишли бўлгани айтилмоқда

Қирғизистонда ҳибсга олинган мухолифатчи Омурбек Текебаев адвокатларининг айтишича, ижтимоий тармоқларда чоп этилган баъзи ҳужжатларнинг нусхалари Бишкекда қулаган турк авиакомпаниясининг юк самолётидаги юк Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевга тегишли бўлганини исботлайди. 

1 мартдаги матбуот-анжуманда Текебаевнинг адвокатлари Таалайгул Токтакунова ва Канат Азизнинг айтишича, "Ата Мекен" партияси етакчиси Текебаевдан бу ҳужжатларни олиш мақсадида у Венадан келгандан кейин ҳибсга олинган. "У фавқулодда аҳамиятдаги ҳужжатни Туркия хавфсизлик хизматидан олган. Ҳужжатда айтилишича, тергов натижаларига кўра юк самолётида бўлган мобиль телефонлар, компьютерлар, пуллар, қимматбаҳо металлар ва тошлар Қирғизистон президенти оиласига тегишли экани ўрнатилган. Юкни ортишда "Шақилдоқ илон" лақабли Туркия фуқароси иштирок этган", деб айтди Токтакунова.

Токтакунованинг айтишича, Қирғизистон махсус хизматлари Текебаевни аэропортда қўлга олиб, ҳужжатлар унда деб ўйлаб, уни мамлакат миллий хавфсизлик қўмитасига олиб кетишган. 

Кейинроқ Текебаевга нисбатан "Коррупция" ва "Фирибгарлик" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Президент аппаратида ҳуқуқшуносларнинг бу хабарига уларни таъқиб қилиш билан таҳдид қилинди. Президент аппарати ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Алмаз Усеновнинг фикрича, Токтакунованинг айтган сўзлари "ёлғондир" ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

"Журналистлар бу "ҳужжатлар"нинг ҳақиқийлигига тўғри шубҳаланишган. Текебаев ёрдамчиларининг баёноти терговга босим ўтказишга қаратилган. Бу хатти-ҳаракат ушбу ишга сиёсий тус бериш ва жамоатчилик фикрини янглиш томонга олиб кетишга қаратилган", деб айтган Усенов.

Адвокатларнинг баёнотига миллий хавфсизлик қўмитасида ҳам муносабат билдирилиб, у "буткул бемаънилик" дейилган. 

Маълумот учун, Boeing 747-400 юк самолёти 16 январь куни Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг учиш-қўниш қисмидан 1,5 км узоқликда ҳалокатга учраган. Самолёт аэропорт яқинидаги қишлоқ устига тушган. Бунинг оқибатида 32та уй вайрон бўлди, 4 экипаж аъзоси ҳамда 35 нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Мавзуга оид