Жаҳон | 07:42 / 01.03.2017
4270
2 дақиқада ўқилади

БМТ Мўсул ғарбидан икки кун ичида 13 минг киши қочганини маълум қилди

БМТ 28 февралда Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватловчи қўшинлар ИШИД жангариларига қарши операция олиб бораётган Ғарбий Мўсулдан қочқинлар сони кескин ошганини маълум қилди. Журналистларга БМТнинг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг маълум қилишича, охирги куннинг ўзида шаҳарнинг ғарбий ҳудудларини деярли 13 минг киши тарк этган.

"Ғарбий Мўсулни тарк этган тинч аҳоли сони ҳарбий операция шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларига етгандан кейин кескин ошиб кетди. 19 февралдаги операция бошлангандан кейин Ғарбий Мўсулни 16,5 минг киши тарк этган, охирги икки кун ичида бу миқдор 12,7 минг кишига ошган", деб айтди Дюжаррик. Унинг айтишича, БМТда яқин кунларда қочқинлар сони анча ошишидан хавотир билдирилмоқда.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, Мўсулни тарк этаётганларнинг кўпи Ҳамам ал-Алилга йўл олмоқдалар. У ерда қочқинлар хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан сўроқ қилиниб, сўнгра қочқинлар лагерига жойлаштирилмоқдалар ва уларга зарурий ёрдам кўрсатилмоқда. Қочқинлар сони ошаётгани сабабли гуманитар ташкилотлар Ироқ ҳукумати билан биргаликда уларга янги вақтинчалик яшаш марказлари барпо қилмоқдалар. БМТ маълумотларига кўра, шаҳарда ҳарбий операция бошлангандан бери уни 170 мингдан кўпроқ одам тарк этган. 

Мавзуга оид