Жаҳон | 14:01 / 03.02.2026
1879
2 дақиқада ўқилади

Германиядан ихтиёрий равишда кетган қочқинлар сони ошди

2025 йилда Германиядан ўз мамлакатларига ихтиёрий равишда 16 576 нафар қочқин қайтди ва бунинг учун 1000 евро олди. 2024 йилга нисбатан бу кўрсаткич сезиларли ошган — ўшанда 10 358 киши бўлган. Бу ҳақда душанба, 2 феврал куни Федерал Миграция ва қочқинлар ишлари идораси — BAMF хабар қилди.

Фото: Julian Stratenschulte/dpa

Идора ходимлари REAG-GARP дастурига “катта қизиқиш” борлигини айтди. Дастур доирасида парвоз харажатлари тўлаб берилади ҳамда катталар учун 1000 евро, бола учун 500 евро миқдорида “бошланғич грант” берилади.

2025 йилда бошпана сўровчилар энг кўп қайтган давлатлар — Сурия ва Туркия бўлди. 2025 йил декабри охирига келиб, Сурияга 3678 киши, Туркияга эса 4432 киши йўл олган.

BAMF аниқлашича, 2025 йилда Германиядан Россияга 1334 киши кетган. Идора қайд этишича, статистикада қайтганлардан кимлари федерал дастурлар орқали, кимлари эса ўз ташаббуси билан кетгани алоҳида кўрсатилмайди.

Бундан ташқари, қочқинлар Гуржистон, Ироқ, Колумбия ва Шимолий Македонияга ҳам учиб кетган. Шунингдек, келиб чиқиш давлатлари бўйича “ўнталик”ка Арманистон, Озарбойжон ва Венесуэла ҳам кирган.

Умумий кўрсаткичнинг тахминан 60 фоизга ошиши миграция сиёсатидаги ўзгаришнинг “муҳим элементи” эканини Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт билдирган.

Дастур Германия федерал ҳукумати ва федерал ерлар ҳокимиятлари томонидан биргаликда молиялаштирилади.

Ариза топшириш ҳуқуқига қуйидагилар эга: бошпана олиш жараёнида бўлганлар, ҳали ҳужжат топширмаганлар, аризаси рад этилганлар, бошпана олиш ҳуқуқи борлар, “мамлакатда қолишга рухсат этилган” мақомида бўлганлар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид