Жаҳон | 09:08 / 01.03.2017
9306
2 дақиқада ўқилади

Малайзия суди Ким Чен Намнинг қотиллиги бўйича айбловлар қўйди

Фото: AP

Малайзия суди Вьетнам ва Индонезиянинг икки нафар фуқаросига Куала-Лумпур аэропортида КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Намнинг ўлдирилиши бўйича айбловлар қўйди. Бундай қарор Сепанга шаҳридаги қуйи суд томонидан чиқарилди.

"Улар жиноят кодексининг 302-моддаси бўйича айбланмоқда", - дейилади тарқатилган баёнотда. Мамлакат қонунчилигига кўра, бу модда бўйича жиноят содир этганлик учун энг оғир жазо – осиш орқали ўлим жазосидир. Олий жазо ҳақидаги ҳукмни эса фақатгина қироллик Олий суди чиқариши мумкин.

Индонезиялик фуқаро ҳимоячисининг журналистларга хабар беришича, "иш юзасидан суд жараёни бир неча ойдан сўнг бошланиши мумкин".

Малайзия полицияси Ким Чен Намнинг ўлдирилишидан бир кун ўтиб Индонезиянинг 25 ёшли фуқароси Сити Айсиа ҳамда Вьетнамнинг 29 ёшли фуқароси Доан Тхи Хуонгни қўлга олди. Улар суиқасд ҳақида билишмаганини, номаълум шахсни чув тушириш бўйича ўзига хос ҳазилда иштирок этишга тайёргарлик кўришганлигини айтишган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари аёллар Ким Чен Намни атайин заҳарлашган, деган фикрда.

Ушбу иш бўйича яна бир неча кишига гумонланувчи сифатида қаралмоқда. Қизлардан ташқари Малайзия ва КХДР фуқаролари қўлга олинди, яна 4 нафар шимолий кореялик Куала-Лумпурни ҳодиса рўй берган кунда тарк этишган ва айни дамда Пхеньяндалар. Куч маҳкамаси яна икки кишини – КХДРнинг Малайзиядаги элчихонаси ва Шимолий Кореянинг Air Koryo авиакомпанияси ходимларини сўроқ қилишни режалаштирган.

Мавзуга оид