Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Улар тирик, 2030 йилда озод этилиши кутиляпти”: ТИВ Малайзияда ўлимга ҳукм қилинган уч ўзбекистонлик ҳақида
Малайзияга саёҳатга борган 3 нафар ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида материал эълон қилинганди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Омонулла Файзиев ушбу фуқароларнинг кейинги тақдири ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.
Омонулла Файзиевнинг айтишича, 2010 йил сентябрь ойида Ўзбекистон фуқаролари Н.С., Н.Д. ва Ж.Ж. Куала-Лумпур халқаро аэропортида 12 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринишда гумонланиб, Малайзия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.
Кейинчалик Малайзия суди уларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаган.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан 2013, 2014, 2016 ва 2020 йилларда Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди ҳамда мамлакат Қироли номига уларни афв этиш тўғрисида бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган.
2018 йилда Малайзияда ўлим жазосини ижро этишга мораторий жорий этилди. Кейинчалик, 2024 йил 18 март куни кучга кирган “Ўлим ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоларини олган шахсларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги қонун асосида Малайзия Олий суди мазкур уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан чиқарилган аввалги ўлим жазосини 30 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирди.
Малайзия қонунчилигига мувофиқ, жазони ижро этиш тартиби ва яхши хулқ-атвор учун назарда тутилган имтиёзлар инобатга олинганда, ушбу фуқароларнинг жазо муддати 2030 йилда якунланиши кутилмоқда.
Ҳозирги вақтда улар Малайзиянинг Селангор штатидаги Кажанг қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан улар билан мунтазам консуллик учрашувлари ўтказилиб, зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни бундан буён ҳам давом эттиради, деди Омонулла Файзиев.
Эслатиб ўтамиз, уч ўзбекистонликнинг Малайзияга саёҳатга бориши ва гиёҳванд моддалар аниқланиб ўлимга ҳукм қилиниши ҳақидаги ҳикояни истеъфодаги ДХХ ходими Ўктам Сувонов Xavfsizlik YouTube каналига берган интервьюсида айтиб берганди.
Мавзуга оид
12:58 / 27.06.2026
Малайзияга саёҳатга борган уч ўзбекистонлик "айбсиз айбдор" бўлиб ўлимга ҳукм қилинганди — собиқ ДХХ ходими
11:42 / 02.06.2026
“Малайзия ёрдамга тайёр” – элчи исломий молияни жорий қилиш ҳақида
21:56 / 01.06.2026
Малайзия 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлади
08:18 / 05.05.2026